Жаҳон | 13:21 / 05.08.2023
20004
2 дақиқада ўқилади

Жиддада Украинадаги вазиятга ечим топиш бўйича музокаралар бошланяпти

40 га яқин давлат вакиллари Украинадаги урушни тугатиш йўллари бўйича келишиб олишга ҳаракат қилади. Россия учрашувга таклиф этилмаган.

Фото: Gregor Rom/ CC BY-SA

Саудия Арабистонида 5 август, шанба куни Украина атрофидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича икки кунлик маслаҳатлашувлар бошланяпти. Саудия подшоҳлиги Украинани, унинг ғарбий иттифоқчилари, шунингдек, ривожланаётган мамлакатлар ва иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатларни Жиддага таклиф қилди - умуман олганда, 40 га яқин давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Хитой, Бразилия, Жанубий Африка, Индонезия ва бошқаларнинг вакиллари келади. Россия маслаҳатлашувларда иштирок этмайди. 

Учрашув хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар даражасида ўтказилади. Германия томонидан федерал канцлернинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Йенс Плётнер иштирок этади. Маслаҳатлашувларнинг мақсади «турли хил тинчлик режаларини, жумладан, Украина томонидан тақдим этилган ўн бандлик режани Хитой, Африка ва Бразилиянинг варианти билан бирлаштириш», дея маълум қилди расмий Берлин учрашувдан олдин. 

Украина Жиддада қийин, аммо конструктив маслаҳатлашувларни кутмоқда. Киев учрашув иштирокчилари урушни ҳал қилишнинг асосий тамойиллари бўйича келишиб олишига умид қилмоқда, деди Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермак. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Кремл Жиддадаги музокараларни кузатиб боради. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Москва Саудия Арабистонидаги маслаҳатлашувларни Россияга қарши коалиция тузишга уриниш сифатида баҳолаяпти. 

Мавзуга оид