22:29 / 09.08.2023
29856

Уйни ижарага бериш ёки олиш билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар баён этилди 

Уйни ижарага олганда ёки берганда шартнома тузиш шартми? Уй эгаси ижарачиларни муддатидан аввал уйдан чиқариб юбориши мумкинми? Уй эгаси ижара пулини ошириши мумкинми? Ижарага олинган уйни ким таъмирлайди? 

Hudud24 уйни ижарага бериш ёки олиш билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларни баён қилди. 

1. Уй-жой ижарасида ёзма шартнома тузиш шартми? Тузилмаса, нима бўлади? 

Тузиш шарт ва шартнома ёзма шаклда тузилиши керак. Аммо ёзма тузилмаган тақдирда ҳам шартнома ҳақиқий ҳисобланади. Бироқ, муаммо шундаки, шартнома ёзма тузилмаса, шартнома шартлари бўйича низо чиққанда бошқа кишиларнинг гувоҳлиги ҳисобга олинмайди. 

Ижара шартномасини онлайн равишда ҳам шакллантириш мумкин. Бундай шартнома солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак. Шартномани давлат ҳисобига қўйиш ижарага берувчининг мажбурияти ҳисобланади ва бу шартнома тузилган кундан 3 кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак. 

Талабаларга ижара шартномасига асосан ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади. Шунингдек, уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлар солиққа тортилмайди. 

2. Ижара шартномаси қанча муддатга тузилади? 

Уй-жой кўпи билан 5 йил муддатга ижарага берилади. Ижара муддати шартномада белгиланади, агар белгиланмаган бўлса, 5 йил деб ҳисобланади. Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга. 

3. Уй эгаси ижарачиларни муддатидан аввал уйдан чиқариб юбориши мумкинми? 

Мумкин, фақатгина маълум шартлар билан. Ижара шартномаси икки томоннинг келишуви билан бекор қилинади. 

Аммо қуйидаги ҳолларда уй эгаси ижара шартномасини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилиши мумкин: 

1) ижарага олувчи 6 ой давомида, бир йилгача ижарада эса ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин 2 мартадан кўпроқ ҳақ тўламаган бўлса (агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса); 

2) ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа шахслар уй-жойни вайрон қилса ёки унга зарар етказса; 

3) уй-жойдан ғайриқонуний қилмишларни содир этиш учун фойдаланилса. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ижара шартномаси бир томоннинг истаги билан фақатгина суд тартибида бекор қилинади. 

4. Уй эгаси ижара пулини ошириши мумкинми? 

Ижара тўлови суммаси шартномада белгиланади. Агар шартномада ёки қонунда уй эгаси ижара тўлови миқдори ошириши мумкинлиги алоҳида кўрсатилмаган бўлса, уни ошира олмайди. Уй-жой учун тўланадиган ва шартномада белгилаб қўйилган ижара ҳақи миқдори бир томонлама ўзгартирилишига йўл қўйилмайди. 

5. Ижарага берилган уйни ким таъмирлайди? 

Агар уй эгаси ва ижарага олувчи бошқача келишмаган бўлса, уй-жойни жорий таъмирлаш ижарага олувчининг, капитал таъмирлаш эса уй эгасининг зиммасида бўлади. 

Масалан, сув қувурларининг ёрилиб кетиши оқибатида деворга кичик зарар етди. Бундай ҳолатда ижарачи таъмирлашни бўйнига олади. Агар сув қувурларининг ёрилиши уйнинг катта қисмини шикастлантирса, уй эгаси таъмирлайди. 

6. Ижарага олинган уйни бошқа кишига ижарага бериш мумкинми? 

Мумкин. Ижарага олувчи уй-жойни бир қисмини ёки тўлиғича бошқа шахсга ижарага бериши (иккиламчи ижара) мумкин. Фақат икки шарт билан: асосий ижара шартномаси муддати бир йилдан кам бўлмаслиги ва уй эгасининг розилиги олиниши керак. 

7. Уй-жой ижараси тартибига риоя этмаслик учун қандай жавобгарлик бор? 

Янги яшаш жойига келган фуқаролар 15 кун ичида ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиши шарт. 

Ижарага олувчилар учун – доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшагани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан беш бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 

Уй эгаси учун – доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Шунингдек, ижара шартномасини солиқ органларига ҳисобга қўймаслик (уй эгаси учун) базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Top