Ўзбекистон | 18:17 / 25.10.2023
7252
2 дақиқада ўқилади

Ижара муносабатларида ҳуқуқ ва мажбуриятларни қайта ижарага бериш тартиби белгиланди 

Энди ижара муносабатларининг объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин. 

Фото: Getty Images

Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритилди. 

Жумладан, «Ижара тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра:

- Ижара муносабатларининг объектлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижарага берувчининг розилиги билан ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин.

- Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказилиши (қайта ижарага берилиши) мумкин.

- Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объект билан бирга мазкур объект банд этган ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкаси ижарасига доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам қонунга мувофиқ бошқа шахсга ўтади, бунда ижарага берувчининг розилиги талаб этилмайди. 

Қонунда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ижарага олган жисмоний ва юридик шахслар ижарага олинган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ижара муддатидан ошмаган муддатга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин. Бунда ижара шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар янги ижарага олувчига ўтади. 

Шунингдек қонун билан, Фуқаролик кодекси ва Ер кодексларига сервитут тўғрисидаги шартномага, сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига, сервитутни ўзгартириш ва уни бекор қилиш, сервитут учун ҳақ тўлаш, оммавий сервитутни белгилаш қоидаларига доир қўшимчалар киритилди.

Мавзуга оид