Жамият | 22:29 / 10.08.2023
69310
2 дақиқада ўқилади

Блогерлар Санжар Икромов ва Шерали Комилов қидирувга берилди 

Ички ишлар вазирлиги блогерлар Санжар Икромов (Sanjar Xo’ja) ва Шерали Комиловни (Detektiv Uz) қидирувга берди. Уларга сиртдан фирибгарлик айблови қўйилган, Комилов эса ҳақорат қилишда ҳам айбланмоқда. 

Санжар Икромов ва Шерали Комилов

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги икки блогерни қидирувга берди. Уларнинг исми-шарифи ИИВ сайтининг қидирувга берилган шахслар бўлимида эълон қилинган. 

Биринчиси, Sanjar Xo’ja тахаллуси билан танилган Санжар Икромов (1988 йилда туғилган, YouTube’да 200 мингдан ортиқ, Telegram’да 18,3 минг, Facebook’да 29 минг обуначиси бор). У сиёсат, иқтисод ва психология мавзуларида ёзади ва гапиради. Ҳозирда Туркияда яшайди. 

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича айблов эълон қилинган. Бу жуда кўп миқдордаги фирибгарлик жиноятини назарда тутади ва БҲМ 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. 

Иккинчиси, Шерали Комилов (1979 йилда туғилган, «Detektiv Uz» YouTube-канали муаллифи (17,8 минг обуначи, Facebook’да — 8140). У асосан ижтимоий мавзуларни кўтариб чиқади. 

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда 3-қисми «б» банди билан айблов эълон қилинган. Бу ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятини назарда тутади ва БҲМ 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. 

Шунингдек, унга 140-модда 3-қисмининг «а» банди билан айблов эълон қилинган. Бу жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш жиноятини назарда тутади ва БҲМ 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид