Жаҳон | 08:22 / 11.08.2023
11528
2 дақиқада ўқилади

Россия «Луна-25» Ой станцияси бўлган ракетани «Восточный» космодромидан учирди

Деярли 50 йиллик танаффусдан сўнг Россияда Ой миссияси қайта тикланди. Станциянинг Ойга қўниши 21 август куни кутилмоқда. 

Фото: РИА Новости

«Восточный» космодромидан 11 август, жума куни эрталаб Россиянинг деярли 50 йил ичида биринчи «Луна-25» Ой станцияси билан «Союз-2.1б» ракета ташувчиси учирилди. Ракета уни суборбитал траекторияга олиб чиқди. Шундан сўнг, ракета ташувчининг учинчи поғонасидан Ой аппарати бўлган юқори блок ажралиб чиқди. Станциянинг Ойга қўниши 21 август куни кутилмоқда, деди «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов. 

Ой қутбига Россиянинг биринчи экспедицияси 

Станция орбитада уч кундан етти кунгача бўлиб, юмшоқ қўнишга тайёргарлик кўриши кутилмоқда. Қўниш жойи Ойнинг жанубий қутб минтақасидаги ҳудудда, у ерда сув музининг белгилари топилган. «Луна-25» қўнгандан сўнг илмий тадқиқотлар олиб боради. Унинг муддати бир йил. Миссия 2015 йилда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ бир неча бор қолдирилди. 

Аввалги «Луна-24» миссияси 1976 йилда юборилган ва ерга 170 грамм ой тупроғини олиб келган. Бу Ой қутбига биринчи экспедиция, барча совет Ой станциялари экваториал зонага қўнишни амалга оширган. 

«Луна-25» олдида юмшоқ қўниш технологиясини ишлаб чиқиш ва устувор илмий тадқиқотлар олиб бориш вазифаси турибди. Кейинчалик мураккаб илмий вазифаларни бажарадиган «Луна-26», «Луна-27» ва «Луна-28» станцияларини учириш режалаштирилган. Иккинчиси, хусусан, Ерга Ой қутб моддаси намуналарини етказиши керак бўлади. 

Мавзуга оид