Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Коммерсант»: Google Россияда бир қатор сервисларини блоклашни бошлади
«Коммерсант» нашрининг ёзишича, Google Россиядаги бир қатор компаниялар учун Google Workspace корпоратив сервисларини блоклаган. Google’даги ТАСС манбаси, ўз навбатида, компания сервислардан фойдаланишга ўзгартиришлар киритмаганини айтди.
Американинг Google LLC концерни 10 августга ўтар кечаси Google Workspace (почта, «Google Ҳужжатлар», «Google Диск») корпоратив хизматларини Россиянинг бир қатор компаниялари учун блоклади. Бу ҳақда 11 август, жума куни «Коммерсант» газетаси икки йирик IT-компаниядаги манбаларига таяниб хабар берди. Унинг версиясига кўра, гап санкциялар рўйхатига киритилган шахслар ҳақида кетмоқда. Нашр манбаларидан бирининг ишонтиришича, Америка компанияси блокни «спам-хабарлар» билан изоҳлаган.
Асосан кичик ва ўрта бизнес компаниялари
Айни пайтда, корпоратив мижозлар Google хизматлари билан боғлиқ масалалар бўйича тез-тез мурожаат қиладиган Softline’да блоклашлар сони кўпаймагани маълум қилинди.
Мутахассисларнинг фикрича, Google корпоратив хизматларидан асосан, буни киберхавфсизлик тамойилларига зид деб ҳисоблаган Россиянинг йирик бизнесларидан фарқли равишда, кичик ва ўрта бизнеси фойдаланади.
«Сўнгги пайтларда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган»
Шу фонда Google’даги ТАСС манбаси корпорация яқинда Россияда Google Workspace хизматларидан фойдаланишга ўзгартиришлар киритилмаганини, аммо фойдаланиш шартлари бузилган тақдирда бу юз бериши мумкинлигини айтди. «Вазиятни тушуниш қийин, чунки Google қайси икки компания зарар кўрганини билмаяпти», — деди манба. «Биз Россияда мавжуд Google Workspace хизматларига киришда сўнгги ўзгаришлар бўлмаганини тасдиқлашимиз мумкин», — дея қўшимча қилди у.
Июнь ойида Москванинг Пресненский туман суди Google брендига эгалик қилувчи Alphabet Inc. Россияда 4 миллиард рубл (47 миллион доллар) жарима тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Қарор Google LLC Россия Федерал монополияга қарши хизмати қарори бўйича олдинги жаримани ўз вақтида тўламагани муносабати билан қабул қилинган.
Мавзуга оид
08:15 / 04.06.2026
Google хавфли касалликларга қарши чивинлар ёрдамида курашмоқчи
08:46 / 02.06.2026
ЕИ Google ва Microsoft учун давлат тендерларини чеклаши мумкин
18:27 / 08.05.2026
Ўзбекистонликларнинг хорижий бигтех компаниялар пулли хизматларидан фойдаланиши 80 фоизга ошди
15:58 / 30.01.2026