Ўзбекистон | 19:01 / 12.08.2023
12822
1 дақиқада ўқилади

Хивада «Қовун сайли» фестивали бошланди

Хоразм вилояти, Хива шаҳрида анъанавий «Қовун сайли» фестивали бошланди.

Тадбир «Ичон қалъа» тарихий мажмуаси остонасида ўтказилмоқда ва 40 гектар майдонда 66 та павильон ташкил этилган. Унда шаҳар ва туманлар, йирик корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ўз маҳсулотлари, полиз экинлари, жумладан, қовунлар ва тарвузлар, мева-сабзавотлар, қандолатчилик, асаларичилик маҳсулотлари, ҳунармандчилик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмасини ташкил қилган.

Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун «Гурвак», «Қиличбой бешак», «Қариқиз», «Туя қовун», «Тўёна», «Ола замча», «Хоразм оқ новвоти», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» ва қовунларнинг бошқа навлари тақдим этилмоқда.

Фестивалнинг кечки дастурида санъаткорлар ва хонандаларнинг бадиий чиқишларини ўз ичига олган концерт намойиш этилади.

Фестивал 13 август куни кечқурун ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими билан якунланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид