Иқтисодиёт | 18:04 / 17.08.2023
35331
8 дақиқада ўқилади

Бир одам – бир овоз: “Ташаббусли бюджет”да овоз бериш қандай ўзгартирилиши керак?

“Ташаббусли бюджет” оммалашиб бориши билан, тизим смсга боғлиқ бўлгани учун уддабуронлар кўплаб сим-карталар сотиб олиб овоз бериш йўлидан боряпти. Жамоатчилик “бир одам – бир овоз” принципига ўтиш учун турли таклифлар берди. Уларнинг орасида берилган овозларни IMEI орқали идентификация қилиш, телефон рақамларга ЖШИРни интеграциялаш ва жараён якунлангач, нофаол сим-карталарни аниқлаш кабилар бор.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллари журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик фаоллари билан “Ташаббусли бюджет”ни такомиллаштириш юзасидан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳамон “Ташаббусли бюджет”ни ижро этиш жараёнида камчилик ва муаммолар кузатилаётганини таъкидлади.

“Бу жамоатчилик бюджети, жуда катта аҳоли унга диққатини қаратди. Шу сабабли, ундаги муаммоларни бирга ҳал қилишимиз керак”, деди у.

“Ташаббусли бюджет”га овоз бериш смсга боғлангани учун бир киши бир нечта сим-карта сотиб олиб овоз бериши мумкин, бу эса бир киши – бир овоз принципини бузади. Вазирлик бу муаммони ҳал қилишга уриниб келади. Ўтган йили депутатлар сунъий овоз йиғишни тўхтатиш учун, “One ID” орқали овоз беришга ўтишни таклиф этди. Аммо бу таклиф фуқаролар учун мураккаб жараён бўлгани сабабли қаноатлантирилмади. Жорий йилда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги овоз бериш жараёнига Face ID тизимини татбиқ этмоқчи бўлди, аммо жамоатчилик бу ҳам одамларга қийинчилик туғдиришини таъкидлади.

Учрашувда қатнашган Давлат бюджети департаменти директори Шерзод Муҳаммедовнинг сўзларига кўра, вазирлик ишлаб чиққан таклифлар қаторида ”клик” амалиёти ҳам бор.

“Бунда келиб тушган овозларни қайта текшириш орқали овозлар ҳисобга олинади. Яъни овоз бериш жараёнлари якунлангач, ҳақиқий овозлар нофаол сим-карталарга автоматик хабар юбориш орқали аниқланади. Бу аниқлаш жараёнида 24 соат давомида фаол бўлмаган сим-карталар орқали берилган овозлар чиқариб ташланади. Шунда 100 та сим-карта сотиб олиб, берилган сунъий овозлар ҳисобга олинмайди”,  деди у.

Аммо вазирлик таҳлилларига кўра, ҳозирги смс орқали овоз беришнинг ўзига бюджетдан 1,5-2 млрд сўм харажат кетади. Агар “клик” амалиёти ишга тушса, бу харажат тенг баробарга ошади. Бундан ташқари, овозлар сони кўплиги ҳисобига текшириш жараёни бир неча кунга чўзилиши мумкинлиги ва вақтинча ўчиқ рақамлардан берилган овозлар ҳисобга олинмаслиги каби рисклар бор.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев эса овозларни IMEI тизими орқали идентификация қилишни таклиф қилди. Бунинг афзаллиги шундаки, бир қурилма орқали фақат бир маротаба овоз бериш имконияти яратилади. Шунингдек, бу смс сингари ортиқча харажат талаб қилмайди.

“Ўзбекистонда телефон рақам кимнинг номида эканини текшириш тизими мавжуд ва бу ишлаяпти. Бизга IMEI рақами ва коди умуман керак эмас, “Ташаббусли бюджет”га овоз берган вақтимда менинг номимга олинган битта телефон рақамдан бир марта овоз бериб бўлганимдан кейин, бошқа рақамларим орқали овоз бера олмайман. Дейлик, мен Beeline рақамимдан овоз бердим, энди mobiuz рақамимдан овоз бермоқчиман. Шунда тизим, “узр, Хушнудбек, сиз аввал Beeline рақамингиздан овоз бериб бўлгансиз, энди овоз бера олмайсиз” деб бир одамнинг номига олинган бир нечта рақамдан овоз беришни рад этиши керак”, дейди у.

Муҳокамалар давомида IMEI тизими билан ишлайдиган масъул идора бунинг иложи йўқлигини, чунки масала шахсий маълумотларга боғлиқлигини айтиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг сўровини рад этгани маълум бўлди.

“Буни амалга ошириш учун IMEI тизими мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш имконияти чеклангани важ қилиб кўрсатиляпти. Қанақа чеклов бўлиши мумкин? Давлатнинг 8 трлн пули ҳақида гап кетаётганда, давлат ўзи яратган тизимида, ўз пулини ишлатадиган жойида ўзаро ҳамкорлик бўлмаслиги мумкинми? Шахсий маълумотлар масаласи бор дейишади. IMEI тизими қурилмани рўйхатдан ўтказаётганда фуқаронинг ҳамма шахсий маълумотларига доступ олиняпти-ку”,  деди Хушнудбек Худойбердиев.

Иқтисодчи Отабек Бакиров овоз беришга IMEI тизими жорий этиш муҳим масала эканини айтаркан, бир одамнинг 4-5тагача овоз бериш имкониятини минималлаштириш “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига ишончни янада кўтаришини таъкидлади. У сунъий овоз беришга йўл қўймаслик учун ўз таклифини илгари сурди.

“Лойиҳага нисбатан энг кўп билдирилаётган эътирозларнинг учтасидан биттаси – бир неча марта овоз бериш имконияти борлиги бу лойиҳани обрўсизлантираётган факторлардан бири. Шунинг учун бу масала жуда ўринли. “IMEI”чилар қанчалик даражада лойиҳани қўллаб-қувватлашни истайди, биз билмаймиз. Шу сабабли захира вариант сифатида ЖШИР (жисмоний шахснинг идентификация рақами) билан боғлиқ бўлган ягона идентификатор масаласини таклиф қиламан. Банк системаси ҳамма жисмоний шахсларнинг ҳисоб-варақларини ЖШИРга боғлай олди. Ўйлайманки, битта ЖШИРга боғланган рақамларнинг фақат биттасидан бир марта овоз бера олиш имконияти бўлиши керак. Яъни битта паспортга бир нечта телефон рақам олинган бўлса, фақат битта рақамдан овоз бера олиш керак, қолганлари автоматик рад этилиши лозим”,  дейди у.

Бу таклифга жавобан ИМВ масъуллари алоқа компаниялари билан ҳамкорликда ишлаш зарурлигини ва бу таклиф ҳам кўриб чиқилишини айтди.

Учрашувда иштирок этган Ботир Қобилов эса нима сабабдан “One ID” орқали овоз бериш йўлга қўйилмаётгани ҳақида савол берди.

Хушнудбек Худойбердиевнинг таъкидлашича, бунда асосий масала шахсий маълумотлар ўғирланиши риски билан боғлиқ.

“Паспортлар билан овоз бериш бошланиши билан шахсий маълумотларнинг ўғирланишининг риски катталашади. Ҳозир мингта сим-карта сотиб олган одамлар, эртага ўн мингта паспорт қидириш ва тўплашни бошлайди. “Ташаббусли бюджет”га овоз беринг деб юрганлар энди одамларнинг паспортини сўрайди. Бундан фойдаланган фирибгарлар “Open Budjet”га овоз беринг деб, ҳақиқий фирибгарлик қопқонини қўйиши мумкин”, дейди у.

Ботир Қобиловнинг фикрича, Ўзбекистонда шундоқ ҳам очиқ манбаларда паспорт маълумотларни учратиш ноодатий манзара эмас.

“Бизда шахсий маълумотлар масаласи 15-масала бўлиб қолиб кетган. Барибир, шу нарсага боришимиз керак: битта сим-карта битта овоз бўлиб қолиши керак эмас. ЖШИРга уланадими, ёки мобил операторлар томонидан сим карта берилганда идентификация кетадими, техник жиҳатдан қанақа бўлади билмайман, битта одам битта овоз принципига ўтиш керак. Албатта бу бир кунда бўлиб қоладиган нарса эмас, кейинги мавсумларда сим-карта ёки смс ягона восита бўлмаслиги кераклиги биринчи масала сифатида кўтарилиши керак деб ўйлайман”, деди у.

Вазирлик ишлаб чиққан таклифлар қаторида овоз бериш боcқичини 10 кун давомида ўтказиш, (амалда 20 кун) ҳам бор. Бунда ғолибларни аниқлаш тезлашади ва ишларни бажариш учун кўпроқ вақт қолади, шунингдек, муддат кам бўлганлиги ҳисобига дастлаб табиий ҳолда, ўз маҳалласидан овоз йиғилади ва бошқа ҳудудларда турли кўринишдаги (моддий-қиймат эвазига) овоз йиғиш каби ҳолатлар камаяди. Рисклар эса муддат қисқа бўлгани учун порталга юклама кўпайиб кетиши ва техник қандайдир муаммо юзага келса, кейинчалик яна қўшимча вақт қўшиб беришга тўғри келиши билан боғлиқ.

Мавзуга оид