Спорт | 09:55 / 20.08.2023
24374
6 дақиқада ўқилади

Месси АҚШда дарҳол соврин ютишни бошлади

Лео яна бир шедевр ижро этди, «Интер Майами» дарвозабони эса ҳал қилувчи пеналтини урди.

Фото: Gettyimages.ru/Tim Nwachukwu

Аргентиналик футболчининг совринлар коллекцияси Лигалар кубоги билан тўлдирилди, сардорнинг ўзи турнирда ўнта гол урди.

Лигалар кубоги. Финал. 
20 август. Нэшвилл.
Нэшвилл – Интер Майами – 1:1

Пеналтилар серияси: 9:10
Голлар: Фафо Пико 57 – Лионел Месси 23.

Турнир финалига «Монтеррей» клуби чиқа олмагани бироз афсусланарли. Мексиканинг энг бой жамоаси, КОНКАКАФ Чемпионлар лигасининг беш катта ғолиби, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг икки карра бронза медали соҳиби. Умуман олганда, гап жамоанинг мақомида ҳам эмас, Лигалар кубоги бўйича умумий тасаввур ҳақида. Бу аслида халқаро турнир, финалгача йўлда эса «Интер Майами» фақат гуруҳ босқичининг биринчи турида «Крус Асул» (Мексика) билан тўқнашди. Шундан кейин — фақат MLS жамоалари билан ўйналди, бу эса қандайдир ички мусобақа кайфиятини берди.

Бошқа томондан, бу бир неча йил олдин (2018 йил) вужудга келган ва шу вақтгача бирор ютуққа эришмаган «қарқаралар» жамоасининг илк соврини аҳамиятини йўққа чиқара олмайди. Финал арафасида Месси бу соврин қўлга киритилиши клуб ва мухлислар учун ақл бовар қилмас воқеа бўлиши ҳақида айтганида, ашаддий скептиклар ҳам бу гаплардан айб топа олмасди. Албатта, бундайлар топилиши ҳам мумкин, аммо бу аргентиналикнинг даҳосини бекор қила олмайди.

Келди, кўрди ва ғалаба қозонди — бу ўринда хаёлга келадиган энг оддий ва аниқ ифодаловчи сўзлар. Аммо лига Месси билан шартнома имзоланганидан кейинги эффектни аввал ҳеч қачон кўрмаганди, ҳолбуки яқин ўтмишда бу лигада катта номлар кам бўлмаганди. Дэвид Бекҳэм, Златан Ибраҳимович, Тиерри Анри, Давид Виля, Анреа Пирло, Ҳавиер Эрнандес... Ўтган мавсумда эса Ҳигуаин ва Матюиди «Интер» сафида ўйнашганди.

Леонинг ўзи эса одатига кўра камтарлик қилиб, жамоа ўйинидаги ўсиш Херардо Мартинонинг хизматлари ва футболчилар ҳар куни машғулотларда ишлаётгани туфайли эканини айтади. Ва сардорнинг бу сўзларида жон бор, чунки унинг ёнида деярли барча порлай бошлади. Хосеф Мартинес яна аввалгидек ваҳимали тўпурарга ўхшай бошлади, у оғир жароҳат олишидан олдин «Атланта Юнайтед»нинг чемпионлик таркибида лига клубларига даҳшат солганди. «Қарқаралар» жамоаси академияси тарбияланувчиси, аргентиналик Кремаски 18 ёшида лиганинг янги порлаётган юлдузига айланди, финландиялик Тэйлор шунчалик кучли ўйнаб юбордики, унинг фаолиятида ҳали бунақа давр бўлмаганди.

Кимдир буни ҳиссиётга берилган баҳо деб ҳисобласа — рақамлар бор. Бу мавсумда олдинги 22 ўйинда «Интер» жами 22 гол урганди. Майамиликлар ўзининг янги даврида бу натижани қайд этиш учун Лигалар кубогидаги етти ўйин етарли бўлди. Месси бу ўйинларнинг ҳар бирида гол урди ва ўз сеҳрининг бир қисмини ҳал қилувчи ўйин учун сақлаб қўйгандек бўлди. У финалда ҳам ўзига хос трюкини амалга оширди — Лео тўп билан ҳимоячилар орасидан ўтиб борди ва тўпни дарвозанинг юқори бурчаги жойлади.

Аммо бу номерни ижро этиш осон кўрингани алдамчи ҳиссиёт. Клуб акционерларидан бири — NBA юлдузи Яннис Адетокумбо — ўйиндан олдинги чигалёзди машғулот чоғида гол уриб, буни Криштиану Роналду услубида нишонлаб, шоу уюштирди, «Нэшвилл»нинг ўзи эса — умуман осон рақиб эмасди. Футбол нуқтайи назаридан «Нэшвилл» — жуда интизомли ва курашувчан жамоа. Улар меҳмонларни тиндиришмади, тошдан сув чиқаришди ва бурчак зарбаси ижро этилганида рикошетлар сериясидан кейин ҳисоб тенглаштирилди.

Агар «Интер»ни дарвозабон Каллендер қутқармаганида ўйин тақдири асосий вақтдаёқ ҳал бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин бу эпизоддан олдинроқ Месси яна зарба бериш позициясига чиқиб, дарвоза устунини нишонга олганди. Умуман олганда — бу ҳақиқий финал бўлди ва бундай ўйинда ғолибни фақат пеналтилар серияси аниқлаши мумкин эди. Арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқалар охирида дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борган «Интер» ҳужумчиси Кампана қандай қилиб гол ура олмагани ҳақидаги саволга унинг ўзи ҳам жавоб бера олмаса керак.

Аммо шуниси ғалабани янада ширинроқ қилди. Месси, одатга кўра, 11 метрли зарбалар сериясини шахсан ўзи бошлаб берди. Масъулиятдан қўрқмаган Кампана ҳам зарбани ишонч билан ижро этди. Нуқтага бешинчи бўлиб яқинлашган Улоанинг хатоси (бу вақтга келиб мезбонлар битта хато қилиб улгуришганди) Нэшвиллдаги воқеаларга драматизм қўшди. Унинг хатоси туфайли навбат дарвозабонларгача етиб борди ва бу босқичда Каллендер беназир бўлиб чиқди. У аввалига ўз зарбаси билан тўпни дарвоза тўсини ортидан йўллади, кейин эса ҳамкасбининг зарбасини қайтарди. Мессининг коллекциясига 44-соврин қўшилди. Уфқда эса навбатдагиси кўринмоқда — пайшанбага ўтар кечаси АҚШ Кубоги яримфинал «Цинцинатти»га қарши ўйин кутмоқда.

Мавзуга оид