Ўзбекистон | 09:09 / 21.08.2023
12430
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг Саудия Арабистонида ишлаш имкониятлари муҳокама этилди

Икки давлат вакиллари «Ишчиларни ёллаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим»ни самарали амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Жаҳра ал-Утайбий билан учрашди.

Унда икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2022 йилнинг 17 август куни Жидда шаҳрида имзоланган «Ишчиларни ёллаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим»ни самарали амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, 4 сентябрдан Умра зиёратига борувчи ўзбекистонликлар учун Саудия Арабистони томонидан янги рейслар амалга оширилади. Бу эса мазкур мамлакатда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун ҳам кенг имкониятлар яратади.

Учрашувда подшоҳлик тарафидан иш берувчиларнинг имкониятлари ва талабларини ўрганиб чиқиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги Меҳнат миграцияси агентлиги масъулларидан иборат Техник қўмита тузилиб, тез фурсатда фаолиятини бошлаш борасида келишиб олинди.

Шунингдек, Саудия Арабистони иш берувчилари ва рекрутинг компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга келишини ташкил этиш мақсадга мувофиқ экани айтилди.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги
Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид