Спорт | 10:56 / 22.08.2023
18736
5 дақиқада ўқилади

«Арсенал» дербида қийин ғалабага эришди ва «Сити»ни қувиб етди 

Япониялик ҳимоячи аут отиш вақтида сариқ карточка олиши жамоани қийин аҳволга солиб қўйди. Ўйиннинг сўнгги қисмида Артета шогирдларининг тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 18 фоизгача тушиб кетди.

Фото: STUART MACFARLANE/GETTY IMAGES

АПЛнинг 2-турини Лондоннинг икки клуби иштирокидаги ўйин ёпиб берди. «Арсенал» уч очкога эга бўлди, аммо бунга жуда катта қийинчилик билан эришди.

Кристал Пэлас – Арсенал 0:1
Гол:
0:1 – 53, пеналти Эдегор.
Кристал Пэлас – Жонстон, Уорд (Рак-Саки, 83), Андерсен, Гехи, Митчелл, Шлупп (Аҳамада, 74), Лерма, Эзе, Дукуре, Айю, Эдуар.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Салиба, Томиясу, Эдегор (Зинченко, 89), Райс, Ҳавертц, Парти, Сака (Кивер, 89), Мартинелли (Габриэл, 70), Нкетиа (Жоржино, 79).
Огоҳлантиришлар: Айю (27), Томиясу (60), Дукуре (90), Ҳавертц (90).
Четлатиш: Томиясу (67).

Дастлабки турда «Арсенал» биринчи бўлимдаёқ икки гол урган ҳолда «Ноттингҳем Форест»ни осон мағлуб этганди (2:1). «Кристал Пэлас» ҳам мавсумни ғалаба билан бошлади — сафарда «Шеффилд Юнайтед» мағлуб этилди (1:0). Микел Артета бошланғич таркибда 1-тур билан солиштирганда фақат бир ўзгариш қилди ва бу мажбурий эди. Юрриен Тимбер «Ноттингҳем» билан ўйинда хочсимон пайларини жароҳатлаб олиб, мавсум охирига қадар сафдан чиққанди, шу туфайли мудофаанинг чап қанотида унинг ўрнини Такэҳиро Томиясу эгаллади.

Биринчи бўлим воқеаларга у қадар бой бўлмади. Шиддатли ҳужумлар ва вазиятлардан умид қилган мухлислар бутунлай бошқача картинага гувоҳ бўлишди. Танаффусга қадар Сэм Жонстон дарвозаси олдида фақат икки эпизод ёдда қолди, иккиси ҳам — Эдди Нкетиа иштирокида. Аввалига «Арсенал» ҳужумчисининг зарбаси дарвоза устунига тегди, бир неча дақиқа ўтиб эса у ортиқча олифталик қилди. Нкетиа дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борганди, аммо ҳужумни якунлашда ўзига катта баҳо бериб юборди ва тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлашга қарор қилди, аммо тўп нафақат Жонстоннинг, балки дарвоза тўсини устидан ҳам ўтиб кетди.

«Арсенал» барибир ўз мақсадига эришди ва буни иккинчи бўлим бошида уддалади. Жарима зарбаси ностандарт кўринишда ижро этилиши «Кристал Пэлас» дарвозасига пеналти белгиланишига сабаб бўлди. Габриэл Мартинелли тўпни ошириб бериш ўрнига ерлатиб Нкетиани олдинга ташлади ва мезбонлар мудофаасини доғда қолдирди. Узатма у қадар идеал чиқмаганди, аммо форвард тўпга дарвозабондан олдин етиб борди ва дарвозабон билан контактдан кейин йиқилди.

Ҳакам Дэвид Кут «нуқта»ни кўрсатди, аммо шундан кейин вазиятга дарҳол видеоассистентлар аралашди. Гап шундаки, узатма вақтида Томас Парти баскетбол услубида Марку Геҳини ушлаб қолганди — арбитрлар «Арсенал» футболчисининг бу ҳаракати қанчалик қоида бузилиши эканини муҳокама қилишди. Видеотакрордан кейин бош ҳакам қарорини ўзгартирмади. Мартин Эдегор эса зарбани осонлик билан аниқ ижро этди — Жонстон бошқа бурчакка ташланди, норвегиялик футболчи эса тўпни бошқа бурчакка йўналтирди.

13 дақиқа ўтиб «Арсенал» фанатларининг қувончи ўрнини хафалик эгаллади. Томиясу иккинчи сариқ карточкани олди ва кийим алмаштириш хонасига йўл олди. У бундан етти дақиқа олдин жуда аҳмоқона тарзда биринчи огоҳлантиришни олганди. Япониялик футболчи аутдан тўпни ташлашда бемалолгарчиликка берилиб кетди ва ҳакам уни вақт чўзгани учун жазолади.

ФОТО: MIKE HEWITT/GETTY IMAGES

Футболчи 60-дақиқада вақт чўзишга қарор қилганди. Шундан етти дақиқа ўтиб эса ҳакам Томиясу рақиб ҳужумини қоида бузган ҳолда тўхтатиб қолди деб топди. Бу вақтда меҳмонлар ташаббусни тўлиқ қўлига олганди, четлатиш эса «Арсенал» мухлислари ўйиннинг қолган қисмини хавотир билан кузатишига сабаб бўлди.

Ўйиннинг сўнгги 10 дақиқасида «Кристал Пэлас» тўпга эгалик қилиш бўйича 82 фоиз устунликка эришди. Шу рақамнинг ўзи ҳам ҳисобни ушлаб қолиш «Арсенал» футболчиларига нақадар қийин бўлганини кўрсатади. Меҳмонлар тўлиқ ҳимояга ётишди, мезбонлар эса ҳимоячи ўрнига ҳужум вакилини тушириб, рақиб жарима майдонини қамал қилишди. Артета шогирдлари қарши ҳужум ҳақида ўйламай, тўпни шунчаки узоқлаштиришга уринган паллалар ҳам бўлди. Етмаганига арбитр асосий вақтга етти дақиқа қўшиб берди, аммо меҳмонлар захира футболчиларни ташлаш орқали барибир ғалабани сақлаб қолишди.

Икки турдан кейин фақат учта жамоа максимал даражада очко жамғарган. «Арсенал» турнир жадвалининг юқори қисмида «Брайтон» ва «Манчестер Сити» билан бир компанияни ташкил этмоқда. Лондонликлар кейинги турни 26 август куни ўз уйида «Фулҳэм»га қарши ўтказади.

Мавзуга оид