Жаҳон | 19:43 / 30.08.2023
14397
2 дақиқада ўқилади

Кремл Путин ва Эрдўған Россияда учрашишини тасдиқлади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашув Россияда ўтказилади. Бу маълумотни Кремл сўзчиси Дмитрий Песков тасдиқлади.

Фото: ТАСС

«Туркия ва Россия етакчилари учрашуви тез орада Россияда ўтказилади», деди Песков бу ҳақда қисқа қилиб. ОАВда Эрдўған ва Путин 4 сентябр куни Сочида учрашиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Песков бу хабарга муносабат билдиришни истамаган.

Аввалроқ Путин Эрдўған билан учрашиш учун Туркияга бормаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Ваҳоланки, август ойи бошида икки президентнинг телефондаги суҳбатидан кейин Эрдўған россиялик ҳамкасби музокаралар учун Туркияга бориши ҳақида хабар қилганди. Бироқ ўшанда суҳбат ҳақидаги хабарда Кремл бу маълумотни тасдиқламаган.

Рус нашрларининг ёзишича, икки президент ўртасидаги учрашув Ҳиндистондаги «Катта йигирмалик» йиғилишидан аввал ўтказилади. Туркия ҳукмрон партияси расмий вакили Умар Челик Эрдўған 4 сентябрда Сочига боришини тасдиқлаган. «Жаноб Путин Туркияга кела олмаётгани сабаб бизнинг президентимиз Россияга боради. Санасини ҳам айтишим мумкин: жаноб Эрдўған 4 сентябр куни Сочига боради», деган у маҳаллий телеканал эфирида.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид