Ўзбекистон | 22:01 / 31.08.2023
43157
2 дақиқада ўқилади

«Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» — президент

Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқ бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаёти маъноси деб билиши кераклиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев мустақиликнинг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аёллар ҳуқуқини таъминлаш мавзусига ҳам тўхталди.

«Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, «хотин-қизлар – бу миллат оналаридир». Улар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур.

Шундай экан, олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас.

Маълумки, муҳтарама аёлларимиз зиммасида хизмат соҳасидаги вазифасидан ташқари, фарзандлар тарбияси, оилада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ахлоқий-маънавий анъаналарни давом эттиришдек мураккаб вазифалар ҳам бор. Шундай экан, меҳрибон опа-сингилларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, арзийди.

Мана, бу йил оиладаги зўравонликка қарши қонунни қабул қилдик. Бундан кўзланган асосий мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг бахти ва ҳимоясини таъминлашдир. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз.

Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқимизнинг бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ўз ҳаётининг маъноси деб билмоғи керак!

Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид