Жаҳон | 23:44 / 01.09.2023
12952
3 дақиқада ўқилади

Россияда Нобел мукофоти соҳиби Дмитрий Муратов «хорижий агент» деб эълон қилинди

Россия Адлия вазирлиги «Новая газета» бош муҳаррири, Нобел мукофоти совриндори Дмитрий Муратовни «хорижий агент» деб эълон қилди. У «Россия ташқи ва ички сиёсатига салбий муносабатни шакллантириш»га қаратилган фикрларни тарқатиш учун «хорижий платформалардан фойдаланган»ликда айбланган. 

Фото: Dimitar Dilkoff/AFP/Getty Images

Россия Адлия вазирлиги «Новая газета» бош муҳаррири, 2021 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Дмитрий Муратовни «хорижий агентлар» реестрига киритди. Бошқарма маълумотларига кўра, Муратов хорижий агентларнинг материалларини «яратиш ва тарқатиш»да иштирок этган, шунингдек, хорижий платформаларда «Россиянинг ташқи ва ички сиёсатига салбий муносабатни шакллантиришга қаратилган фикрларни» тарқатган. 

Муратов 2021 йилда «демократия ва мустаҳкам тинчликнинг зарур шарти бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун» Тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган эди. 

Орадан кўп ўтмай, президент Владимир Путин Муратов Россияда хорижий агент деб эълон қилинмаслигини айтди, бироқ, «бунинг учун сабаб кўрсатмаса». 

«Агар у Россия қонунчилигига зид иш қилиш учун қалқон сифатида Нобел мукофоти ортига яширинса, демак, буни ўзига эътиборни тортиш учун ёки бошқа сабабларга кўра атайлаб қилади», деди Путин. 

2022 йилда Муратов Heritage Auctions аукционида ўзининг Нобел медалини 103,5 миллион долларга сотди ва ундан тушган маблағни «Украиналик қочқинлар ва болалар» истиқомат қилаётган мамлакатларга юбориш учун ЮНИСЕФ ҳисобига ўтказишга ваъда берди. 

Россия қонунчилигига кўра, «хорижий агент» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «хорижий агент» эканини белгилаб қўйиши шарт. 

2022 йилдан бошлаб, уларга дарс бериш, ахборот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, сайлов комиссиялари аъзоси бўлиш тақиқланди. 2022 йил охиридан бошлаб Адлия вазирлиги хорижий агентларнинг ягона реестрини юритиб келмоқда. 

2023 йилда Владимир Путин хорижий агентлар ҳақидаги қонунни кучайтирувчи қонунни имзолади. Унга кўра, Адлия вазирлиги хорижий агентлар билан мулоқотда бўлган шахсларга қонунбузарликка йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш бериши мумкин. Ушбу шахсларга нисбатан Адлия вазирлиги томонидан режадан ташқари текширув ўтказилиши мумкин. Адлия вазирлигининг қонунбузарликларни бартараф этиш талабларига риоя қилмаганлиги учун фуқаролар 50 минг рублгача, мансабдор шахслар 100 минг рублгача ва юридик шахслар 300 минг рублгача жарима солинади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид