09:13 / 02.09.2023
7703

Франциск Мўғулистонга ташриф буюрган биринчи Рим папаси бўлди

Буддизм ҳукмрон бўлган Мўғулистон дунёдаги энг кичик католик жамоаларидан бирига эга. Унда 1400 га яқин католиклар бор. 

Фото: PEDRO PARDO/AFP

Рим папаси Франциск 1 cентябр, жума куни Мўғулистонга тўрт кунлик ташрифини бошлади. Понтификнинг самолёти маҳаллий вақт билан эрталаб Улан-Баторга қўнди, у ерда Францискни Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунхийн Батцэцэг фахрий қоровул сафида кутиб олди, деб хабар бермоқда AFP ахборот агентлиги

Аэропортдаги қабулдан сўнг Франциск асли италиялик мўғул кардинали Жоржио Маренго билан учрашди. Франциск Мўғулистонга ташриф буюрган Рим-католик черковининг биринчи раҳбари бўлди. Бу мамлакат аҳолисининг аксарияти буддизмга эътиқод қилади ва 1400 га яқин киши ўзини католик деб ҳисоблайди. Мўғулистон жамияти дунёдаги энг кичик жамоалардан бири бўлиб, мамлакатда 25 католик руҳоний ва 33 роҳиба хизмат қилади, деб ёзади AFP. 

Понтификнинг ташрифи 4 сентябр, душанба кунига қадар давом этади. Сафар доирасида Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух ва бош вазир Оюун-Эрдэнэ Лувсаннамсрай Франциск билан учрашади. 3 сентябр куни Россия, Хитой, Жанубий Корея, Таиланд, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжондан келган диндорлар ҳам қатнашадиган маросимда Рим папаси иштирок этиши кутилмоқда. 

Рим папаси Хитойга хабар юборди 

Рим папасининг самолёти Мўғулистонга йўл олиб, Хитой узра учиб ўтаётганида Франциск Хитой раҳбари Си Жинпингга хабар йўллади. Пекин бунга жавобан Ватикан билан «ўзаро ишончни» мустаҳкамлаш истагини билдирди. «Хитой Ватикан билан келгуси ҳамкорликка, конструктив мулоқотда иштирок этишга ва ўзаро позицияни яхшилашга тайёр», - деди Хитой ТИВ матбуот котиби Ван Вэнбин. 

Пекин ва Ватикан 1951 йилдан бери дипломатик муносабатларга эга эмас, дея эслатади AFP.

Top