Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда кучли ёмғирлар: ҳалок бўлганлар бор
Испаниянинг деярли барча ҳудудларида 2 сентябрдан буён кучли ёмғир ёғяпти, бўронли шамол кузатиляпти, сув тошқини хавфи мавжуд. Аҳолига ташқарига чиқмаслик тавсия этилган.
Испаниянинг кўплаб ҳудудларида 4 сентябр, душанба куни кучли ёмғир давом этмоқда, расмийлар сув тошқини хавфи ҳақида огоҳлантирди. Ҳозирги вақтда қироллик паст босимнинг алоҳида зонасида жойлашган бўлиб, бу «Канар оролларидан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб бўронли шамоллар билан бирга кузатилаётган жуда кучли ёғингарчиликка олиб келяпти», - дея хабар қилди Aemet Испания метеорология хизмати.
2 сентябрдан бери давом этаётган кучли ёмғирлар туфайли энг юқори хавф даражаси Мадрид, шунингдек, Андалусия ва Кастилия-Ла-Манча ҳудудларида эълон қилинди. Ўз навбатида, Испания Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг аксарият ҳудудларида табиий офатлар хавфи ҳақида огоҳлантирди. Мактаб таътиллари тугаши билан таътилдан қайтганлар сони кўп бўлишига қарамай, 3 сентябр куни Йўл ҳаракати бош бошқармаси (DGT) фуқароларни «автомобил ҳайдамасликка ва уйда қолишга чақирди, чунки кўплаб йўллар бутунлай сув остида қолган».
Испания шимоли-шарқида аҳолига кўчага чиқиш тақиқланди
Бир қатор шаҳарларда расмийлар аҳолини сув тошқини хавфи туфайли ташқарига чиқмасликка чақирди. Қутқарув хизматлари бир вақтнинг ўзида уйларнинг юқори қаватларида бўлишни тавсия этган. Испания шимоли-шарқида жойлашган 10 минг аҳолига эга Алканарда ҳокимият кучли сув тошқини хавфи туфайли одамларга уйини тарк этишни тақиқлади. Сўнгги 24 соат ичида шаҳарда кучли ёмғирлар қайд этилди, ёғингарчилик миқдори квадрат метрга 215 литрни ташкил қилди. Бундан ташқари, Валенсия ва Барселона ўртасидаги темирйўл алоқаси, шунингдек, бир қатор бошқа йўналишларда қатновлар тўхтатилди, деб хабар берди Renfe темирйўл компанияси.
Шанба куни 31 ва 34 ёшли икки эркак Сарагосада гуруҳ таркибида дарада сайр қилиш чоғида ҳалок бўлди. Ҳамроҳларининг сўзларига кўра, улар сув оқимига тушиб, чўкиб кетган. Aemet’га кўра, паст босим зонасининг маркази 4 сентябр куни Испания ғарбига кўчиши кутилмоқда.
Шунга ўхшаш офатлар бу йил ЖАР, Словения, Россиянинг Узоқ Шарқида ва Калифорния жанубида содир бўлди.
Мавзуга оид
09:40 / 15.06.2026
Ўзбекистоннинг 9 вилоятида сел-сув тошқинлари хавфи эълон қилинди
09:30 / 15.05.2026
Баҳор салқин ва серёғин келди. Наҳотки уруш сабаб?
22:02 / 06.05.2026
“Яна озгина ёмғир ёғса, фавқулодда ҳолат вужудга келарди” – шаҳарсоз
21:57 / 03.05.2026