Жаҳон | 15:38 / 05.09.2023
13790
4 дақиқада ўқилади

NYT: Генерал Суровикин Пригожиннинг ўлимидан бир неча кун ўтиб озод этилган

Сергей Суровикин Евгений Пригожин ўлимидан бир неча кун ўтиб озодликка чиқди, деб ёзади The New York Times америкалик ва россиялик манбаларига таяниб. У ҳарбий хизматда қоляпти, аммо бўлажак мартабалар бўйича ҳеч қандай истиқболлари йўқ.

Фото: Pavel Golovkin/dpa/AP/picture alliance

Евгений Пригожиннинг исёнидан кейин ғойиб бўлган Украинадаги Россия қўшинлари гуруҳи қўмондони собиқ ўринбосари Сергей Суровикин ҳақиқатдан ҳам озод қилинган. Бу ҳақда 4 сентябр, душанба куни Американинг The New York Times (NYT) газетаси америкалик икки амалдор ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган исми ошкор этилмаган манбага таяниб ёзмоқда. Шу тариқа, нашр россиялик журналист Ксения Собчакнинг маълумотларини тасдиқлади, у аввалроқ генералнинг рафиқаси билан тушган суратини эълон қилганди

Анонимлик шарти билан маълумот берган NYT’нинг россиялик суҳбатдошига кўра, Суровикин ўзининг генераллик унвонини сақлаб қолган ва расмий равишда ҳарбий хизматда қолмоқда, аммо у энди бўлажак мартабалар бўйича истиқболга эга эмас. Худди шу манбага кўра, армия генерали Суровикин «Вагнер» ХҲК компанияси асосчиси Евгений Пригожин авиаҳалокатда вафот этганидан бир неча кун ўтиб озодликка чиқарилган. Ўз навбатида, АҚШ расмийлари таъкидлашича, Суровикин озод қилинганидан кейин ҳам унга нисбатан ҳаракатланиш бўйича чекловлар сақланиб қоладими ёки йўқми, аниқ эмас.

Песков генерал Суровикиннинг тақдири ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг генерал Суровикин тақдири ҳақидаги саволига жавоб беришдан бош тортди. AFP мухбирининг Песковдан Сергей Суровикинга нисбатан эҳтимолий тергов ҳақида сўраш мумкинми, деган саволига Путиннинг матбуот котиби қатъий жавоб берди: «Йўқ, мумкин эмас». 

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу бир кун аввал моҳиятан ўхшаш саволга тахминан худди шундай муносабат билдирганди. Суровикинга нима бўлди ва унга қарши тергов олиб борилмоқдами, деган саволга Шойгу: «Барча саволлар шуми?» деб жавоб берган, шундан сўнг кетиб қолган. 

Собчак ва Венедиктов Суровикин озод этилгани тўғрисида хабар берди

Ксения Собчак 4 сентябр куни Суровикин озод этилгани ҳақида хабар қилди. «Генерал Сергей Суровикин чиқди. Тирик, соғлом, уйда, оиласи билан, Москвада. Бугунги сурат», - деб ёзди у. Кейинроқ «Эхо Москвы» радиостанцияси собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов ўз Telegram-каналида манбаларга таянмаган ҳолда Суровикин оиласи билан уйда, «таътилда ва Мудофаа вазирлиги ихтиёрида» эканини айтди. 

Генерал Сергей Суровикин 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг январигача Украинадаги Россия қўшинлари гуруҳига қўмондонлик қилган, кейин эса Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовга йўл бериб, қўмондон ўринбосари бўлган. Америка расмийлари фикрича, у Пригожиннинг исёни ҳақида у бошланмасидан олдин билган. Улар ҳозирда Суровикиннинг ҳаракатланишига чекловлар ёки Россия расмийлари томонидан киритилган бошқа санкциялар мавжудлигига аниқлик кирита олмади. 

Июн охирида Пригожин исёнидан кейин у омма олдида кўриниш бермади. «Вагнер» Москвага ҳаракатланишни бошлаган кечада, генерал ортга чекинишга ва олий бош қўмондоннинг буйруғига бўйсунишга ундаган видеони жойлаштирди. Оммавий ахборот воситалари генерал Суровикин қандай жазоланганига оид турли хил вариантларни келтирган - тергов изоляторига жойлаштиришдан тортиб, ҳибсга олинмасдан изоляция қилишгача. 

Мавзуга оид