Жаҳон | 10:12 / 08.09.2023
4195
3 дақиқада ўқилади

Украина Хорватия орқали ғалла экспорт қила бошлади

Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко Хорватия портлари орқали ғалла экспорти бошланганини эълон қилди. Бу келишувга бош вазир Андрей Пленкович билан учрашувда эришилди.

Фото: VALENTYN OGIRENKO/REUTERS

«Ғалла битими» тугагандан сўнг, Украина Хорватия портлари орқали ғалла экспорт қила бошлади, дея маълум қилди 7 сентябр, пайшанба куни Киевдаги Иқтисодиёт вазирлиги. Идора маълумотларига кўра, Украина ғалласини экспорт қилиш учун янги савдо йўлларини очиш масаласи Бухарестда бўлиб ўтган «Уч денгиз ташаббуси» саммити доирасида Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко ва Хорватия бош вазири Андрей Пленкович ўртасидаги икки томонлама учрашувда муҳокама қилинган.

Киев транспорт йўлаги имкониятларини кенгайтирмоқчи 

«Украина ғалласи аллақачон Хорватия портлари орқали экспорт қилиняпти. Бундай имконият учун раҳмат. Гарчи бу савдо йўли ўзига хос бўлса-да, у йўлга қўйилди. Биз транспорт йўлаги имкониятларини кенгайтириш орқали уни ривожлантиришга тайёрмиз», - деди Свириденко. У урушдан кейин Украина ва Хорватия ўртасидаги «бу логистика йўналиши икки томонлама савдода муҳим рол ўйнашига» ишонч билдирди. 

Бундан ташқари, учрашувда миналардан тозалаш учун зарур бўлган ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. «Урушдан кейинги тикланиш ҳам, миллий иқтисодиётнинг янада ривожланиши ҳам бу жараён тезлигига боғлиқ. Шунинг учун биз Украинага ушбу муаммони ҳал қилишда ёрдам бераётган барча ҳамкорлардан миннатдормиз», - деди Свириденко. Ўз навбатида, Хорватия бош вазири Украинага ҳарбий жиноятларни тергов қилишда ёрдам беришни таклиф қилди. «Гап уруш даврида содир этилган жиноятларни тергов қилувчи махсус прокурорлар ва махсус полиция институтларини яратиш бўйича Хорватия билан тажриба алмашиш ҳақида бормоқда», — дейилади хабарда. 

Шу билан бирга, The Wall Street Journal маълумотларига кўра, аввалроқ Украина ғалласи дарё орқали экспорт қилинмаган, чунки Қора денгиз бўйлаб ташиш анча арзон эди. Нашр 2022 йил ноябр ойидаги нархларни келтирган: Марказий Украинадан Қора денгиз бўйлаб экспорт тоннаси учун 29 доллар, Дунай портлари орқали – 124 доллар, қуруқлик орқали ва Полшанинг Гданск портидан бир тонна учун – 140 доллар. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид