23:24 / 13.09.2023
11748

Мексика парламентида «ўзга сайёралик мумиёлар» намойиш этилди 

Улар Перунинг Наска шаҳрида топилгани айтилмоқда. Шов-шувли баёнот берган тадқиқотчи аввалроқ ёлғончиликда айбланган эди. 

Фото: Cámara de Diputados

Мексикалик журналист, уфолог Хайме Мауссан мамлакат парламенти депутатлар палатасига «ўзга сайёраликларга тегишли бўлган иккита мумиёни» тақдим этди. Бу ҳақда Infobae газетаси хабар берди. 

Мауссан сўзларига кўра, мумиёлар Перунинг Наска шаҳридан топилган. Улар паст бўйли, боши катта, оёқ-қўллари уч бармоқли, суяклари енгил ва мустаҳкам ва тишсиз жонзот жасадига ўхшаш. Уфологнинг таъкидлашича, уларнинг бармоқ излари одамларникига ўхшаб юмалоқ эмас, балки тўғри горизонтал чизиқлар шаклида. 

«Бу жонзотлар инсон эмас, улар Ер куррамиз вакиллари эмас. Мексика Миллий автоном университети томонидан ўтказилган радиология тадқиқоти уларнинг ёши минг йил эканини кўрсатди. Улардаги ДНК инсоннинг генетик материалидан 30 фоизга фарқ қилади», деди Мауссан. 

Хайме Мауссан Наска платосидан топилган уч бармоқли ўзга сайёраликлар ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. 2015 ва 2017 йилларда унинг баёнотлари ёлғон экани фош бўлган эди: экспертларнинг фикрига кўра, топилмалар қадимий диний маросимлар туфайли бош суяги деформацияланган болаларнинг қолдиқлари бўлиб чиқди.

Top