Жаҳон | 22:57 / 13.09.2023
7677
2 дақиқада ўқилади

Хитой iPhone қурилмаларига тақиқ қўйганини рад қилди 

Хитой Apple каби хорижий брендлардан телефон сотиб олиш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи қонунлар, қоидалар ёки меъёрий ҳужжатлар чиқармаган. 

Фото: Reuters

Хитой iPhone смартфонларини харид қилиш ва улардан фойдаланишга тақиқ қўйгани йўқ. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нинг баёнотига таяниб The Wall Street Journal хабар берди. 

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Хитой давлат ходимларига иш жойида iPhone қурилмаларини ишлатиш ва уларни офисга олиб кириш тақиқлангани ҳақида хабар тарқалган эди. 

«Хитой Apple каби хорижий брендлардан телефон сотиб олиш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи қонунлар, қоидалар ёки меъёрий ҳужжатлар чиқармаган», деди Мао Нинг. 

Шу билан бирга, у Apple смартфонларининг хавфсизлиги билан боғлиқ турли хил ҳодисалар ҳақидаги хабарларга эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати маҳаллий ёки хорижий компания бўлишидан қатъи назар, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликка катта аҳамият беради. 

Ўтган молиявий йилда Apple компанияси умумий даромадининг қарийб 19 фоизи Хитой бозорига тўғри келган эди. 

Аввалроқ, Хитой iPhone қурилмаларига тақиқ қўйгани ҳақида хабар тарқалганидан кейин Apple акциялари нархи тушиб кетган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид