Ўзбекистон | 08:11 / 15.09.2023
5281
2 дақиқада ўқилади

Туямўйин сув омбори ҳажми қўшимча 1 млрд куб метрга кенгайтирилади

1,2 миллион гектарда сув таъминотини яхшилаш ва ичимлик суви захирасини яратиш назарда тутилган.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси”да сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш билан боғлиқ вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳужжатда қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки тарафлама манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ўрин олган.

“Ўзбекистон — 2030”да мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш натижасида суғориладиган ер майдонларида шўрланган майдонларни 1,7 миллион гектаргача, кучли ва ўрта шўрланган суғориладиган ер майдонларини 430,0 минг гектаргача, ер ости сув сатҳи муаммоли ҳолатда бўлган ер майдонларини 773,4 минг гектаргача камайтириш белгиланган.

Стратегияда Туямўйин сув омбори ҳажмини қўшимча 1 миллиард куб метрга кенгайтириб, 1,2 миллион гектарда сув таъминотини яхшилаш ва ичимлик суви захирасини яратиш ҳам назарда тутилган. Насос станцияларидаги эскирган 1069 насос ва 1079 электродвигател энергия тежамкорларига алмаштирилади.

Мавзуга оид