Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Блинкен ва Бербок Украинани келгусида қўллаб-қувватлашга ваъда берди
Россия Украинани синдира олмайди, деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Вашингтонда. РФ дунё урушга кўникиб кетади деб ўйласа, адашади, дея огоҳлантирди у.
Германия ва АҚШ Украинага Россиядан ҳимояланишда ёрдам беришда давом этади. Бу ҳақда 15 сентябр, жума куни Вашингтонда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. «Биз Украинани, унинг халқини қўллаб-қувватлаймиз», деб таъкидлади Бербок. Унинг сўзларига кўра, Россия «дунё урушга кўникади, чунки бошқа муаммолар бор» деб ҳисобласа, адашади.
«Бу дунёда ҳеч ким шафқатсиз урушга кўникишни хоҳламайди ва кўникмайди ҳам», - дея қўшимча қилди Германия ТИВ раҳбари. «Россия Украинанинг омон қолиш иродасини синдира олмайди, балки фақат озодлик учун курашни кучайтиради ва халқаро ҳамжамиятнинг Украинадаги ҳар бир инсон охир-оқибат яна эркинликда яшаши учун қўллаб-қувватлашни давом эттириш қарорини кучайтиради», деди Анналена Бербок.
Энтони Блинкен, ўз навбатида, АҚШ ва бошқа ўнлаб давлатлар томонидан Украинанинг ҳарбий, иқтисодий ва ҳуманитар «кучли қўллаб-қувватлаши» тўхтамаслигига ишонтирди. У Германияга Киевни қўллаб-қувватлашдаги «етакчилиги» учун миннатдорчилик билдирди. «Ёрдам ҳажми бўйича Германия дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради», - дея таъкидлади давлат котиби.
Бербок: Германия ҳукумати Taurus таъминоти масаласини «жуда жадал ўрганмоқда»
Биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида Бербок ва Блинкен Украинага узоқ масофали ракеталар етказиб бериш бўйича ҳали қарор қабул қилмаган ўз давлатларининг расмий позициясини ҳимоя қилди. Хусусан, Германиянинг Taurus қанотли ракеталари ҳақида гапирар экан, Бербок «аниқлаштиришни талаб қиладиган нозик масалалар» ҳақида айтиб, қурол тизими «бир қарашда кўринадиган даражада оддий эмас»лигини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Германия ҳукумати «бу масалани жуда жадал ўрганаётганини» таъкидлади.
АҚШда Бербок урушда ғалаба қозониш учун Украинага ёрдам беришга чақирди
Аввалроқ АҚШга амалий ташриф билан келган Анналена Бербок Fox News телеканалига берган интервьюсида: «Украина бу урушда ғалаба қозониши керак. Озодлик ва демократия ғалаба қозониши керак», деди. Уруш қандай тугаши мумкинлиги ҳақидаги саволга Германия ташқи ишлар вазири: «Украинада эркинлик ва тинчлик билан. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз», деди.
Мавзуга оид
15:58 / 11.02.2026
БМТ Бош ассамблеяси раҳбари Бербок БМТ низомига амал қилишга чақирди
07:19 / 16.09.2025
БМТ Бош ассамблеяси раҳбари Украинага тинчликпарварлар юборилишини истисно этмади
21:46 / 02.06.2025
Анналена Бербок БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси раиси этиб сайланди
11:54 / 02.04.2025