Жаҳон | 08:48 / 16.09.2023
5073
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи TikTok’ни 345 млн евро миқдорида жаримага тортди

Ижтимоий тармоқ вояга етмаганларнинг шахсий маълумотлари билан ишлаш бўйича Европа Иттифоқи қоидаларини бузган. Компания Европа Иттифоқи хулосалари ва жарима миқдори билан рози эмас. 

Фото: Reuters

Tiktok ижтимоий тармоғи маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Европа қонунларини бузгани учун 345 миллион евро жарима тўлаши керак. Ўсмирлар орасида оммабоп видеохизмат Европа Иттифоқининг вояга етмаганларнинг шахсий маълумотлари билан ишлаш бўйича талабларини бузди, деб хабар берди 15 сентябр, жума куни Tiktok’нинг Европадаги бош қароргоҳи Ирландияда жойлашгани сабабли, Европа Иттифоқи номидан иш кўраётган Ирландия маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси (DPC).

2021 йилда DPC 2020 йилнинг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқда эълон қилинган видеоларни ўрганиб чиққандан сўнг, Хитойнинг Bytedance концерни шуъба корхонаси Tiktok’га нисбатан суриштирувни бошлади. Ҳозирда Tiktok’нинг Европа Иттифоқида 130 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор. Комиссия, биринчи навбатда, вояга етмаганларнинг постлари ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ кўриш учун очиқлигини танқид қилди. 

13 ёшгача бўлган ўсмирлар ижтимоий тармоқда ўз саҳифасини очиши мумкин эди

13 ёшга тўлгач ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтиш мумкин бўлса-да, кўплаб ёш ўсмирлар аккаунтларини очишга муваффақ бўлган. DPC маълумотларига кўра, компания бу болалар учун хавфларни етарли даражада ҳисобга олмаган. Шунингдек, ўсмирларга ўз саҳифаларида ота-оналарининг аккаунтларидан бирига уланиш имконини берувчи «оилавий алоқа» функцияси танқид қилинди, чунки Tiktok бу аккаунт ҳақиқатан ҳам ўсмирнинг ота-онаси ёки васийсига тегишли эканини текширмайди. 

Tiktok раҳбарияти жаримага ва айниқса унинг ҳажмига рози эмас ҳамда кейинги ҳаракатлар имкониятини ўрганмоқда, деди компания вакили AFP’га. Шунингдек, у ижтимоий тармоқнинг баҳсли созламалари ва функциялари 2020 йилдан кейин ўзгартирилганини таъкидлади. Бу йил эса 13 ёшгача бўлган ўсмирларга тегишли бўлган 17 миллион саҳифа ўчирилган. 

Жорий йилнинг апрел ойида Буюк Британияда ICO идораси ижтимоий тармоққа 2020 йилда 13 ёшгача бўлган 1,4 миллион ўсмирни рўйхатга олиш ва уларнинг маълумотидан ота-она рухсатисиз фойдаланишга рухсат бергани учун Tiktok’ни 12,7 миллион фунт стерлинг (14,8 миллион евро) миқдорида жаримага тортди. Худди шундай қоидабузарликлар учун ижтимоий тармоқ Нидерландияда 2021 йилда 750 минг евро, 2019 йилда эса АҚШда 5,7 миллион доллар (5,3 миллион евро) миқдорида жаримага тортилган. 

Мавзуга оид