Жаҳон | 10:17 / 18.09.2023
5984
2 дақиқада ўқилади

Пашинян: Боку билан тинчлик шартномаси 5 октябрда имзоланмайди

Ереван тинчлик битими шу йил охирида ёки келаси йил бошида имзоланишига умид қилмоқда. Октябр ойида Гранадада бўлиб ўтадиган беш томонлама учрашувда бу содир бўлмайди, деди Никол Пашинян.

Фото: Вадим Савицкий / ТАСС

Арманистон бош вазири Никол Пашинян октябр ойи бошида Гранадада бўлиб ўтадиган беш томонлама йиғилишда Озарбойжон билан тинчлик шартномаси имзоланмаслигини билдирди, бироқ Боку билан шу йил охиригача ёки келаси йил бошида тинчликка эришилишига умид билдирди.

«Афсуски, йўқ. Агар ҳужжат имзоланиши кўзда тутилган бўлса, бу биз ушбу ҳужжат Арманистоннинг мувозанатли манфаатларига мос келишига ишонганимизни ва биз уни имзолашга тайёрлигимизни англатарди», деди Пашинян 17 сентябр, якшанба куни журналистларга.

Гранададаги музокаралар

«Биз тинчлик кун тартиби бизнинг устувор вазифамиз эканини айтдик ва Озарбойжон билан имкон қадар тезроқ, масалан, йил охиригача ёки йил бошида тинчлик шартномасини имзолашни хоҳлаймиз, бунинг учун ҳамма нарсани қиламиз. Умид қиламизки, интенсив музокаралар давом этади ва биз муаммога ечим топамиз», - деди Пашинян.

Шу билан бирга, у «Тоғли Қорабоғда чуқурлашиб бораётган ҳуманитар инқироз ва Лочин йўлагининг блокадаси тинчлик жараёнига салбий таъсир кўрсатаётганини» таъкидлади.

5 октябр куни Испаниянинг Гранада шаҳрида Никол Пашинян, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ва Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел иштирокида беш томонлама учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид