Россия Ўзбекистонда бир нечта мактаб қурмоқчи
Бу мактабларда дарслар рус тилида бўлиши, ўқувчилар Россия таълим дастурлари асосида ўқитилиши айтилмоқда. РФ бош вазирининг бу борадаги таклифини Ўзбекистон бош вазири қабул қилди. Ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда қатор келишувлар, хусусан ядровий тиббиёт бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Бугун, 18 сентябр куни Москвада Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 4-мажлиси бўлиб ўтди.
Учрашувда РФ бош вазири Михаил Мишустин Россия томони Ўзбекистонда рус тилида ва Россия дастурлари асосида таълим бериладиган бир нечта мактаб қуришга тайёрлигини билдирди.
“Шундай қилсак, ўқувчилар Россия маданияти ва анъаналари билан яхшироқ таниша олади. Сиз томонингиздан қизиқиш билдирилса, бу борадаги сўровни кўриб чиқамиз”, – деди Россия ҳукумати раиси.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов таклиф қабул қилинишини айтди.
“Таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар қуриш таклифини катта мамнуният билан қабул қиламиз. Шуни айтишни истардимки, Ўзбекистонда 10 мингдан умумтаълим мактаблари бор, уларнинг 10 фоизида рус тилида таълим берилади”, – деди Арипов.
Ўзбекистон ҳукумати раҳбарига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг 14 та филиали фаолият олиб боряпти. Абдулла Арипов таълим соҳасидаги ҳамкорлик мактабгача ва мактаб таълимида ҳам фаоллашганини айтиб, “Класс” лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги рус тилли мактаблар учун математика, физика ва кимё фани педагогларини кўпайтиришни таклиф этди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида бир нечта ҳужжатлар қабул қилинди:
- “Росатом” ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ядровий тиббиёт соҳасидаги стратегик шериклик тўғрисида англашув меморандуми;
- Россия Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида келишув;
- Россия давлат регистрацияси, кадастр ва картография федерал хизмати ҳамда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида 2023-2024 йилларда давлат кадастр баҳолаши тизимини яратиш бўйича Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикасига беғараз техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишув;
- Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт миллий тадқиқот университети Тошкент филиалининг тўлақонли фаолиятини ташкил этиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни жадаллаштиришга доир режалар.
Мавзуга оид
08:11 / 19.12.2024
Абдулла Арипов Одилбек Қосималиевни Қирғизистон бош вазири этиб тасдиқлангани билан табриклади
07:09 / 14.12.2024
Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида қатнашди
21:12 / 12.12.2024
МДҲ давлатлари ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган тизимини яратади
11:08 / 10.12.2024