Спорт | 17:39 / 20.09.2023
16785
2 дақиқада ўқилади

Хосе Венансио Лопес — Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийи

Ўзбекистон футбол ассоциацияси футзал бўйича юртимизда ўтказиладиган 2024 йилги жаҳон чемпионатига юқори савияда тайёргарлик кўриш мақсадида таниқли испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес билан музокаралар олиб борди. 

Бугун, 20 сентябр куни ЎФА раҳбарияти ва тажрибали мураббий ўртасида учрашув ўтказилди. Унда ЎФА президенти Абдусалом Азизов халқаро тажрибага эга мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш орқали келгусида инфратузилмани Европа стандартлари асосида шакллантиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Хосе Венансио Лопес 2024 йилги Ўзбекистон футзал бўйича Жаҳон чемпионатини қабул қилиши катта воқеа эканлиги, мамлакатда футбол ва футзал ривожланиб бораётгани Ўзбекистон терма жамоасида ишлашга туртки бўлганини қайд этди ва билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдирди. Испаниялик мутахассис терма жамоада ишлаш билан бир қаторда УЕФА ва ФИФА инструктори сифатида маҳаллий мураббийларни тайёрлаш, миллий жамоаларга футзалчилар етказиб бериш бўйича тизим ишлаб чиқиш, инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, Жаҳон чемпионатининг ташкилий йўналишларида ҳам ўз тажрибаси билан кўмаклашишга тайёргини маълум қилди.

«Шундан сўнг, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Хосе Венансио Лопес ўртасида шартнома имзоланди. ЎФА раҳбари олдинда турган масъулиятли турнирларга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича барча шароитлар тақдим этилишини маълум қилиб, бош мураббийга омад тилади», - дейилади ЎФА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йиллар давомида футзал миллий жамоасини Баҳодир Аҳмедов бошқарган эди.  Ўзбекистон 2024 йилда футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Турнир 2024 йилнинг 14 сентябр куни старт олади.

Маълумот учун, Венансио икки бор Испания миллий жамоасини Европа чемпионига айлантирган, жаҳон чемпионати финалига олиб чиққан. У клублар ўртасида Европа чемпиони, Испания чемпиони, 3 карра кубок эгаси, 3 бор Суперкубок эгаси саналади. Шунингдек, футзалда 5 бор жаҳоннинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Мавзуга оид