Жаҳон | 22:18 / 22.09.2023
8834
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенатори Менендес «юз минглаб доллар пора олганликда» айбланди 

АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Роберт Менендес «юз минглаб доллар» миқдорида пора олганликда айбланди. 

Фото: Getty Images

Ню-Жерси штатидан демократ сенатор, Ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Роберт Менендес коррупцияда айбланмоқда. Бу ҳақда The New York Times хабар берди. 

Менендес ўз мансаб мавқеидан мамлакат ичкарисида ва хориждаги қатор коррупцион схемаларда фойдаланганликда айбланган. Айбловлардан бирида сенатор АҚШ ҳукуматининг махфий маълумотларини Миср раҳбариятига етказгани айтилади. 

Айблов хулосасига кўра, сенатор ва унинг рафиқаси Надин Менендес нақд пул, олтин қуймалари, ипотека тўловлари ва «ҳашаматли машина» кўринишида «юз минглаб доллар» миқдорида пора олган.  

2022 йилда сенаторнинг Ню-Жерсидаги уйида тинтув ўтказган терговчилар 480 минг доллар нақд пул, шунингдек, қиймати 100 минг доллардан ортиқ бўлган олтин қуймаларни топган эди. 

Адвокат Надин Менендес ўзига қўйилган айбловларни инкор қилмоқда. Роберт Менендес вакиллари айбловларга изоҳ бермади. 

CNN телеканалининг таъкидлашича, энди сенатор Ташқи ишлар қўмитаси раҳбари лавозимини тарк этишга мажбур бўлади. 

Роберт Менендес биринчи марта коррупцияда айбланаётгани йўқ. 2015 йилда у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, дўсти, офталмолог Саломон Мелгенга ёрдам берганликда айбланган. Менендес ҳакамлар ҳайъати олдида судланган, бироқ улар айбловларнинг ҳеч бири бўйича ҳукм чиқара олмаган. Натижада сенатор оқланган. Кейинроқ Адлия вазирлиги унга қўйилган қолган айбловларни олиб ташлаган эди.

Менендес кўп йиллар давомида Россия расмийлари ҳаракатларини қаттиқ танқид қилиб келган ва бу борада бир неча бор тақиқловчи чораларни таклиф қилган. 2014 йилда Россия ҳукумати Менендесни санкциялар рўйхатига қўшган эди. 

Мавзуга оид