Жаҳон | 08:29 / 27.09.2023
3504
2 дақиқада ўқилади

Москва апелляция суди Навалнийга чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

Апелляция суди қарори Навалнийга «экстремистик иш» бўйича чиқарилган ҳукм қонуний кучга кирганини англатади. Тез орада у махсус режимдаги колонияга ўтказилади. 

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP

Москвадаги биринчи апелляция суди 26 сентябр, сешанба куни мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний ва «Навальный LIVE» YouTube-канали собиқ техник директори Даниел Холоднийга «экстремистик иш» бўйича чиқарилган ҳукмни тасдиқлади. Бу ҳақда «Медиазона» хабар берди. 

4 август куни Москва шаҳар суди Навалний бошқа иш бўйича тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Владимир вилоятидаги ИК-6да бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида мухолифатчи сиёсатчини яна 19 йилга махсус режимли колонияга ва ярим миллион рубл миқдорида жаримага ҳукм қилди. Шунингдек, озодликка чиққанидан кейин унга уч йилга озодлик чекланиши ва интернетда маълумот эълон қилишига ўн йиллик тақиқ жорий этилди. Суд Холоднийни саккиз йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. 

Навалний экстремизмга чақириш, фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилувчи нодавлат ташкилот тузиш, экстремизмни молиялаштириш, экстремистик жамиятни яратиш, вояга етмаганларни хавфли хатти-ҳаракатларга жалб қилиш ва нацизм реабилитациясида айбдор деб топилди. Даниел Холодний, ўз навбатида, экстремистик фаолиятни молиялаштириш ва экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этишда айбдор экани айтилди.

Навалний махсус режимдаги колонияга ўтказилади 

Навалнийнинг адвокати Олга Михайлова айтишича, апелляция суди ҳукм матнини бироз ўзгартирган: энди унда мухолифатчи «ўта хавфли рецидивист» эмас, «хавфли рецидивист» сифатида қайд этилган. Ҳимоячи ҳукм устидан кассация судига шикоят қилмоқчи. 

Шу билан бирга, ТАСС қайд этишича, апелляция суди қарори Алексей Навалнийга нисбатан ҳукм кучга кирганини билдиради. Яъни, у тез орада махсус режимдаги колонияга ўтказилади. 

Мавзуга оид