19:17 / 27.09.2023
32868

Осиё ўйинлари кундалиги. Ўзбекистонда яна 6 та медал

Бугунги дастурларда Ўзбекистон вакиллари жами 6 та медал олишди, шундан учтаси шахматчилар жамоаси томонидан қўлга киритилди, эркак боксчилар жамоасида илк йўқотиш рўй берди. Ўзбекистон делегацияси жами 28 та медал билан умумий рейтингда 4-ўринда жойлашган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

27 сентябр куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси 11 та спорт турида иштирок этди. Кун якунига келиб Ўзбекистон номига 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медаллар қўшиб қўйилди.

Дзюдо

Ўзбекистон дзюдочилар жамоаси аралаш жамоавий дастурда муваффақиятли иштирок этди. Чоракфиналдан баҳсларга киришган жамоа дастлаб Таиландни 4:0 ҳисобида мағлуб этишди, яримфиналда эса Хитой вакилларидан 4:2 ҳисобида устун келишди.

Аммо ўзбекистонликлар финалда ушбу спорт ватани ҳисобланган Япония жамоаси вакилларига 0:4 ҳисобида мағлуб бўлишди ва кумуш билан чекланишди. 

Шу тариқа, Ўзбекистон дзюдо жамоаси жами 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза олган ҳолда, Япониядан (5-3-2) кейинги ушбу спорт бўйича иккинчи ўринни эгаллади.

Таэквондо

Ўзбекистон делегациясида олтин олиш учун асосий даъвогарлардан бири саналган таэквондочи Улуғбек Рашидов билдирилган ишончни оқлади ва Ўзбекистон жамоасига олтинчи олтин медални тақдим этди.

Осиё ўйинларида -68 кг вазн тоифасида иштирок этган ушбу спортчи финалга йўл давомида ҳонгконглик Ло Вай Фунг (14:1, 16:4), тайбэйлик Йи Жуи Чиу (13:0, 17:4), жанубий кореялик Жин Ҳожун (16:9, 16:7) каби спортчиларни енгиб, финалга чиқди. Олтин учун баҳсда ҳам иорданиялик Абдулкарим Заидни осонлик билан мағлуб этди - 14:6, 13:9.

Шу куни таэквондо бўйича баҳсларда Ўзбекистон жамоасининг яна бир вакили Феруза Содиқова ҳам финалга чиқди. -67 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган ушбу спортчи ўз йўлида таиландлик Тонгчан Сасикарн (5:4, 11:10), қозоғистонлик Нурай Ҳуссайнова (6:8, 10:1, 7:2) ва эронлик Мелика Мирҳоссайнини (2:3, 13:10, 18:6) каби рақибларни мағлуб этди. Аммо финалда хитойлик Сонг Жиега ютқазиб қўйди (0:2, 3:9) ва кумуш билан чекланди.

 

-80 кг вазн тоифасида қатнашган Жасур Жайсунов эса дастлаб кувайтлик Бандар Алиназийни мағлуб этди (10:0, 13:2), аммо чоракфиналда иорданиялик Солиҳ Элшарабатийга ютқазди (2:0, 5:8, 2:4) ва медалсиз қолди.

Шахмат

Яккалик баҳсларда қатнашган тўрт шахматчининг 3 нафари Осиё ўйинлари совриндорларига айланишди, аммо кутилган олтин қўлга киритилмади.

Бугунги баҳсларда (8-9 турлар) Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Аржун Эригасини ва виетнамлик Ле Туан Мингҳни мағлуб этиб, ўз ҳисобига яна икки очко (жами 7) қўшиб қўйди, аммо бугунги беллашувлар арафасида ундан ярим очкога олдинда турган хитойлик Веи Йи ҳам ютқазмади ва орадаги фарқни сақлаб қолган ҳолда 7,5 очко билан биринчи ўринни эгаллади.

Эътиборли жиҳати, Абдусатторов олдинги турларда ушбу хитойлик шахматчини мағлуб этганди, аммо у олдинги турларда ватандоши Жавоҳир Синдаров, шунингдек, мўғулистонлик Билгун Сумия билан дуранг ўйнагани, ҳиндистонлик Видит Гужаратҳига ютқазгани қимматга тушди.

Ўз навбатида, ўша дуранг якунда Жавоҳир Синдаров медал олишини таъминлади. У бугунги баҳсларда хитойлик Бу Ҳиангзи ҳамда учинчи ўрин учун тўғридан тўғри рақиби бўлган ҳиндистонлик Видит Сантошни енгиб, бронза медалга эга чиқди.

Умида Омонова 7 турдан кейин 5,5 очко тўплаб иккинчи ўринда жойлашганди, аммо бугунги баҳсларда у деярли ҳал бўлган олтинни қўлдан чиқарди. У дастлаб қозоғистонлик Жансая Абдумаликни мағлубиятга учратди, ҳал қилувчи баҳсларда эса пешқадамлик қилиб турган хитойлик шахматчи Жу Жинер ҳиндистонлик Ҳарика Дроваллига ютқазиб қўйди, бу ҳолатда дуранг ҳам Ўзбекистон вакилини қаноатлантирган бўларди, аммо у виетнамлик Фам Нгуенг билан дуранг бўлиб турган вазиятда ютқазди ва олтиндан қуруқ қолди.

Олдинги турларда 3 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган ҳолда медаллар учун курашни тарк этган Нилуфар Ёқуббоева эса ҳиндистонлик ва виетнамлик рақибларига ҳам ютқазди.

Энди шахматчилар жамоавий баҳсларда қатнашишади.

Бокс

Бугун Ўзбекистон бокс жамоасининг яна уч вакили Осиё ўйинларидаги баҳсларга киришди.

Дастлаб -50 кг вазн тоифасида иштирок этган Сабина Бобоқулова сингапурлик Даниша До тўсиғидан ўтди.

Кейин -92 кг вазн тоифаси вакили Лазизбек Муллажонов ҳиндистонлик Санжитни мағлуб этди ва чоракфиналга ўтди. 

Аммо 63,5 кг вазн тоифасида амалдаги Осиё ва жаҳон чемпиони Руслан Абдуллаев мўғулистонлик Батарсуҳ Чинзоригга ютқазиб, саралаш босқичидаёқ турнирни тарк этди. Бу Ўзбекистон эркаклар боксидаги илк йўқотиш бўлди.

Теннис

Теннис бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Ҳумоюн Султонов яримфиналга йўл олди. Тайбэй вакили Чун-Хсин Сенгга қарши кортга тушган спортчимиз 4:6, 7:6 ва 6:1 ҳисобларида ғалаба қозонди.

Шу билан бирга, Ҳумоюн Султонов ва Сергей Фомин жуфтлиги Тайбэй жамоасига 2:6, 3:6 ҳисобларида ютқазди.

Стол тенниси

Розалина Хўжаева саралаш босқичида Сингапур вакилига ютқазиб, иштирокини тўхтатди.

Ҳандбол

Ўзбекистонлик эркак ҳандболчилар бугун ўтказилган турда Баҳрайнга 25:47 ҳисобида ютқазди, эркаклар Қозоғистонга 33:37 ҳисобида мағлуб бўлди. Олдинги турда эркаклар жамоаси Қозоғистонга 27:31 ҳисобида имкониятни бой беришган бўлса, аёллар жамоаси Жанубий Кореяга 16:42 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Сув полоси

Ушбу спорт бўйича баҳсларда иштирок этаётган Ўзбекистон аёллар жамоаси 3-турда Таиланд вакилларига 11:17 ҳисобида мағлуб бўлди. Олдинги турларда Хитойга 5:33 ҳисобида мағлуб бўлинган, Жанубий Корея жамоаси 18:8 ҳисобида мағлубиятга учратилганди. Сўнгги турда Японияга қарши баҳс кутмоқда.

Сузиш

Элдор Усмонов 100 метрга баттерфлай усулида сузиш баҳсларида саралаш гуруҳида учинчи натижа билан финалга чиқди. Аммо финалда энг охирги - 8-ўринда қолиб кетди.

Егор Петряков эса 200 метрга фристайл усулида сузиш баҳсларида саралаш гуруҳида бешинчи натижани қайд этиб, финал босқичига ўта олмади.

Қиличбозлик

Жамоавий рапира баҳсларида қатнашган Ўзбекистон жамоаси дастлаб Таиландни 45:26 ҳисобида енгганди, аммо чоракфиналда Хитой вакилларига 26:45 ҳисобида ютқазишди. 

Жамоавий шпага бўйича баҳсларда қатнашган Ўзбекистон аёллар жамоаси эса чоракфиналда Япония вакилларига 32:45 ҳисобида мағлуб бўлишди.

***

Шу тариқа, бугун 1 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза билан кифояланган Ўзбекистон жами медаллар сонини 28 тага етказган ҳолда (6-10-12) умумий рейтингда 4-ўринда қолмоқда. Бунгача ўзбекистонликлар кунига 7 тадан кам медал олмаётганди (7-7-8).

Top