13:38 / 28.09.2023
19476

«Зилзила деб қўрқиб кетгандик» — Сергелидаги аҳоли вакиллари портлашдан кейинги дақиқалар ҳақида

Портлаш тўлқини омборхона яқинидаги уйлар деразаларини синдириб, эшикларни улоқтириб юборган.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири Сергели туманида портлаш рўй берган ҳудуд аҳолиси вакиллари билан суҳбатлашди.

«Ҳамма ёқ ёп-ёруғ бўлиб кетди. Осмонга қарасак, портлашнинг зарралари тушиб келяпти. Гупиллаб кетди. Қўрқиб кетдик. 

Хўжайиним деразадан қараб зилзила бўлмади деб айтди. Портлади деди. Кейин ўзимни босиб, болаларни кийинтириб пастга тушдим. Биз зилзила деб қўрқиб кетдик.

Кечқурун ҳамма ухлайди. Эшикларимиз отилиб, қизимнинг устига тушишига озгина қолибди. Йигирма сантиметр ҳам қомаган, шундай ёнида ётибди. Эшикларимиз отилиб кетган, деразаларимиз тўкилиб тушган. Ўзимиз зарар кўрмадик, алҳамдилуллоҳ, Аллоҳ ўзи асради», — дейди омборхона яқинидаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи хонадон эгаларидан бири.

Шу ҳудудда ижарада яшовчилардан бири унга зарар етмагани, лекин квартира деразаси ойналари синиб кетганини айтди.

«Биз бу ерда квартирантмиз. 3 ойлик чақалоққа қарардим. Подъездда жанжал бўлиб кетди. Чиқсак, подъезд қон. Шу билан эрталаб соат 05:00 гача кўчада бўлдик. Уйимиз ойналари зарар кўрди. Бироқ шукрки, ўзимизга ҳеч нарса қилмади», — деди аёл. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин ҳақида 02:43 да хабар топгани маълум бўлди. Уни ўчиришига 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон жалб қилинди. Ёнғин 05:02 да қуршаб олинди. Ўчириш ишларига вертолётлар жалб қилинди

Портлаш оқибатида 16 ёшли ўсмир вафот этди. Жабрланганлар умумий сони 163 нафар экани, шундан 138 кишига саломатлиги яхши бўлгани учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилгани, яна 24 киши шифохоналарда қолаётгани айтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси тузилди. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида комиссия омборхонада содир бўлган фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб боради.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди

Портлаш натижасида жабрланган уй эгаларига зарар қопланиши билдирилди. «Моддий зарар 2-3 кун ичида қопланади, бу муаммоларни ҳал қиламиз», деган Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов.

Мавзу
Сергелида кучли портлаш
2023 йил 28 сентябр соат 02:52 да Тошкентнинг Сергели тумани Қурувчилар даҳасидаги омборхонада кучли портлаш содир бўлди.
Барчаси
Top