Жаҳон | 18:30 / 29.09.2023
11061
3 дақиқада ўқилади

Покистондаги масжидларда иккита кучли портлаш: ўнлаб кишилар ҳалок бўлган

Покистоннинг икки вилоятидаги масжидларда рўй берган портлашлар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди. Биринчи портлаш Белужистонда содир этилган, бу ерда 52 киши ҳалок бўлиб, камида юз киши жароҳатланган. Пешавор шаҳри чеккасидаги масжидда содир этилган ҳужумдан кейин 5 киши ҳалок бўлган, яна 40 киши харобалар остида қолиб кетгани айтилмоқда.

Фото: AFP

Белужистон расмийлари масжид ҳудудидаги портлаш худкуш томонидан содир этилганини хабар қилинган, террорчи масжид атрофига қўйилган полиция автомобили ёнида ўзини портлатиб юборган.

Масжидда пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) туғилган кунини нишонлаш учун йиғилган диндорлар ушбу ҳужум нишонига айланган. Қурбонлар орасида полиция зобитлари ҳам бор.

Ҳозирча бу портлаш учун жавобгарликни ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаган, аммо бунгача Белужистонда тез-тез Покистондаги «Толибон» ва ИШИД радикал гуруҳлари томонидан ҳужумлар амалга оширилган.

Бундай ҳужумларнинг сўнггиси сентябр ойи бошида рўй берганди. Ўшанда портлаш оқибатида 11 киши яраланган, жумладан маҳаллий диний раҳнамолар ҳам.

Белужистон – Покистоннинг энг йирик вилояти бўлиб, Афғонистон ва Эрон билан чегарадош.

Пешавор яқинида содир этилган иккинчи портлаш ҳақида ҳозирча маълумот кам. Ҳозирча беш кишининг ўлими тасдиқланган.

Бу ерда қутқарувчилар қулаб тушган масжид харобаларида ишлашмоқда. Маҳаллий расмийлар омон қолганларни топиш эҳтимоли деярли йўқлигини айтишмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, бино қулаган маҳалда унинг ичида жума намозига келган 40 дан ортиқ киши бўлган.

Покистонда масжидларга қилинган сўнгги ҳужум шу йил январига тўғри келади, ўшанда ҳам бу Пешаворда рўй берганди. Ўшанда худкуш террорчи содир этган теракт 100 киши ҳаётига зомин бўлганди.

Портлашларнинг янги серияси Покистон ҳукумати 2024 йил январига белгиланган умуммиллий сайловлар арафасида хавфсизлик чораларини кучайтиришга уриниши фонида рўй бермоқда.

Июл ойи охирида сайловолди митингларидан бири вақтида портлаш оқибатида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Кузатувчилар фикрича, экстремистлар ушбу акция учун шу кунни танлаши бежиз эмас: бу жума пайғамбар туғилган куни муносабати билан дам олиш куни деб эълон қилинган ва террорчилар ҳукуматга хавфсизлик тизимидаги заифликни намойиш этишган.

Покистондаги «жиҳодчилар» кимлар?

Белужистонда 100 дан ортиқ киши жароҳатланган, улар региондаги турли шифохоналар бўйлаб тақсимланган.

Покистонда маҳаллий толибларнинг «Таҳриқ-и-Толибон Покистон» гуруҳи ҳаракат қилади. Улар Афғонистондаги «Толибон»га содиқлик изҳор этган бўлса-да, амалда унинг бир қисми саналмайди.

Муқаддам ушбу гуруҳ ва Исломобод ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув мавжуд эди, аммо бу келишув бузилди. Натижада гуруҳ ҳарбийлар ва полициячиларга ҳужумларни кучайтирди.

Аммо «Таҳриқ-и-Толибон» — бу ҳуудда ҳаракатланаётган ягона гуруҳ эмас.

ИШИД ҳам бир неча бор Покистондаги исломий партиялар, айниқса JUI-F партиясини йўқ қилиниши лозим бўлган душмани деб эълон қилган.

Мавзуга оид