Жамият | 18:18 / 01.10.2023
43207
5 дақиқада ўқилади

“Ҳамманинг тирикчилиги гуручдан” — шоличилар қишлоғи Чўнғарага саёҳат

Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди ҳисобланган Чўнғара қишлоғида асосан қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Сўлим қишлоқ аҳолиси асосан шоли етиштириш билан шуғулланади. Рустам ака Мадиёров эсини танибдики ерга шоли уруғи қадайди. Ота-боболари ҳам деҳқончилик билан шуғулланган. Kun.uz мухбири деҳқоннинг уйида меҳмон бўлиб кунлик фаолияти билан танишди.

Чўнғара Сўх дарёси соҳилининг ўнг томонида жойлашган. Аҳолиси сони 1 641 нафар. Қишлоқнинг умумий майдони эса 261 гектар. Шундан 160 гектар ер майдонига шоли экилади.

Чўнғарага бориш учун Риштон туманидаги чегара пост ҳамда қўшни Қирғизистоннинг Қайтпас давлат чегара постларидан ўтасиз. Гуручи билан машҳур қишлоқ Риштон тумани марказидан 27 километр узоқликда жойлашган. Чегара назорати постларидан ўтиб олгач Чўнғара қишлоғи томон йўл олдик.

Қишлоқдан Сўх дарёси оқиб ўтади. Шолилар айнан шу дарёдан қониб-қониб сув ичади.

Рустам аканинг тоғ ёнбағрига эккан шолиси пишиб қолган. Ҳосилини йиғишга тушибди. Деҳқон ҳар йили гуручнинг жайдари, лазер, аланга, элита каби навларидан экиб яхшигина даромад олади.

“Чўнғара деганда энг аввало гуруч тушунилади. Сабаби бу ерда ҳамма шоли экади. Эрталаб вақтли туриб шолининг сувига қараймиз, молларга ўт ўрамиз. 4 та фарзандим бор, 3 қиз, 1 ўғил, ҳаммасини уйли-жойли қилганман. Қизларим турмушга чиққан, ўғлим уйланган.

Рустам ака Мадиёров, деҳқон

Қишлоғимизда қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди, ўзбеклар ҳам бор. Ота-бобомиз шоли етиштирган. Эсимни танигандан бери шолипоя ичидаман.

Эрта баҳор ер ҳайдаб, шоли экамиз. Экилгандан кейин 15 кун ўтиб бегона ўтга қарши дори сепиб, кейин ўғитлаймиз. Кейин эса майдонга сувни қўйиб юборамиз. Ҳар 11 кунда сотихига 1 кгдан дори сочамиз. Бошоқ чиқара бошлагач, дори яна ҳам кўпроқ сепилади.

Рустам аканинг турмуш ўртоғи

Ҳар бир сотих ердан 60-70 кг шоли йиғиб оламиз. Асосан ўзимизнинг жайдари гуруч навидан экамиз. Эккан шолимиз 100-110 кунда пишади. Ҳосилни йиғиб олганимиздан кейин жувоздан чиқарамиз. Гуручнинг харидори асосан Қўқон, Риштон, Олтиариқ. Янги пишиб етилган гуруч ҳозирги кунда килоси 20-25 минг сўм атрофида сотиляпти, эски шолини эса 33 мингдан сотдим яқинда, чунки йили ошган шоли қиммат бўлади.

Об-ҳавомиз яхши, Сўх дарёсининг сувиям зўр, шунинг учун ширин бўлади гуручимиз ҳам. Бу йил 35 сотих еримдан 78 қоп шоли олдим, бир қопидан 30-35 кг гуруч чиқади. Шу 1,5-1,6 тонна атрофида гуруч чиқади умумий. Тирикчилигимиз шу шоли ортидан бўлади. Комбайнлар хизматига ҳар 25 қопга бир қопдан шоли олади. Жувозчи эса 120-140 кг чиқарган гуручидан 5 кг гуруч олади. Ҳамма шолини бирдан олиб бормаймиз, 10-15 қоп олиб бориб чиқариб келамиз.

Чўнғара гуручи жуда машҳур. Сотишдан аввал харидорга бир кг гуруч берамиз, ўзлари ош қилиб кўради, маъқул келса, сотиб олишади. Асосан шоли ҳолича сақлаймиз уйда, керак бўлганини ўша пайт оқлаб оламиз. Чунки гуруч қилиб оқлаб қўйса, мита тушиб кетади. Етарлича уруғликка олиб қоламиз.

Шу қишлоқда туғилганимдан фахрланаман. Баҳаво, тоғ этагидаги қишлоқ. Дам олиш масканлари бор, бутун республикадан одамлар келади. Деҳқончиликни қилиб юрибмиз-да энди қишлоқда. Оиламизда асосан қирғизча гаплашамиз, лекин ўзбекча таълим олганмиз. Ўзбек билан ўзбекча, қирғиз билан қирғизча гаплашаверамиз-да”, – дейди Рустам ака Мадиёров.

Қишлоқда икки жувоз бўлиб, шулардан бири Рустам ака Бойназаровники экан. Шолини гуручга айлантириб берувчи кичик корхонада бўлиб тадбиркор билан суҳбатлашдик.

Рустам Бойназаров

“Қишлоғимиз чекка ҳудуд бўлса ҳам, деярли барча шоликорлик билан шуғулланади. Гуручимиз таърифи бутун республикада машҳур. Гуручимиз мазаси бошқачалиги сабаби Сўх дарёсидан сув ичади, жуда тоза, ширин сув. Бундан ташқари, ҳавомиз ҳам жуда тоза.

Ўзим ҳам жувоз ишлатаман. 2022 йилда Хитой технологияси бўйича жувоз олиб келганмиз, 5 дақиқада 150 кг шолини қайта ишлай олади, кейин келида урилади. Тайёр гуручларни бутун водийга тарқатамиз, барча чойхоналар гуручни биздан олади. Асосан Риштон, Олтиариқ, Қўқон, Фарғонага сотамиз.

Ҳозир йиғим-терим бўляпти, то ноябр ойининг ўрталаригача деҳқон ҳосилини йиғиштиради. Кейинги кузгача шу шолини сотиб тирикчилик қилишади”, – дейди Рустам ака Бойназаров.

Қуёш ботиб атрофни қоронғилик чулғай бошлади. Шоликор деҳқон Рустам ака даладаги юмушларини тугатиб кетмонини елкасига ортганича уйига қайтарди...

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид