Ўзбекистон | 08:28 / 15.05.2026
1970
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада наркосавдо билан шуғулланган қариндошлар қўлга олинди

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари билан ҳаракатланган тоға ва жиян қўлга олинди. Улардан қарийб 5 килограмм “гашиш” моддаси мусодара қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Қўқон шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилди.

Текширув натижасида автомашина салонидан 4 килограмм 41 грамм “гашиш” моддаси аниқланди. Шунингдек, мазкур фуқаронинг яшаш манзилидан ҳам қўшимча равишда 867 грамм “гашиш” олинган.

Терговга қадар текширув жараёнида ушбу гиёҳвандлик воситалари унинг 1980 йилда туғилган тоғасига тегишли экани маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди.

Аниқланишича, гиёҳвандлик воситалари қўшни республикадан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ва ташиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид