Ўзбекистон | 08:45 / 15.05.2026
2760
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада юк машинаси ғилдиракларидан қарийб 20 кг наркотик топилди

Фарғона вилоятида Volvo русумли юк автомашинаси ғилдираклари ичига яширилган қарийб 20 килограмм наркотик модда аниқланди. Ҳолат юзасидан бир неча шахс қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан Риштон туманидаги Деҳқонобод маҳалласи ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида қўшни давлатдан келган Volvo русумли юк автотранспорт воситасининг ғилдираклари ичига хуфиёна тарзда яширилган наркотик моддаларни олишга уринган вақтда 1974 йилда туғилган ҳайдовчи ва буюртмачи сифатида гумон қилинаётган Учкўприк туманида яшовчи 2000 йилда туғилган шахс ушланди.

Текширув жараёнида автомашина ғилдираклари ичига жами 3 килограмм 408 грамм “опий” ҳамда 16 килограмм 405 грамм “гашиш” наркотик моддалари яширилгани аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, мазкур ноқонуний ҳаракатга буюртмачи сифатида гумон қилинаётган шахснинг 1980 йилда туғилган отаси ҳам алоқадор экани маълум бўлиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид