Спорт | 18:08 / 01.10.2023
34914
8 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. Бир кунда яна учта медал қўлга киритилди

Ўзбекистон курашчилари яна бир олтин ва бир бронза медалга эга чиқишди, енгил атлетикачи Екатерина Воронина Ўзбекистон ҳисобига битта кумуш медал қўшиб қўйди. Эндиликда Ўзбекистон делегацияси 11 олтин, 12 кумуш ва 17 бронза билан умумий рейтингда 5-ўринда бормоқда.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

1 октябр куни куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари 9 та спорт турида иштирок этди. Кун якунига келиб Ўзбекистон номига яна 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаллар қўшиб қўйилди.

Бугун Тимур Кападзе бошчилигидаги футболчилар яримфинал йўлланмаси учун Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боришди, оғир атлетика, кураш, енгил атлетика дастурларида спортчилар медаллар учун, боксчи қизлар эса яримфинал ҳамда Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмалари учун майдонга чиқишди.

Кураш

Кураш бўйича баҳсларнинг иккинчи кунида ҳам Ўзбекистон жамоаси медаллар қўлга киритди. Шу куни уч нафар ўзбекистонлик курашчи ўз имкониятини синовдан ўтказди. 

-81 кг вазн тоифасида қатнашган Умид Эсонов нимчорак финалда виетнамлик Ле Дук Донгни мағлуб этди, чоракфиналда филиппинлик Жакиелоу Эскапредан устун келди, яримфиналда афғонистонлик Ҳассан Байқаро тўсиғидан ўтиб, олтин учун курашда қозоғистонлик Бекадил Шаймерденовни енгди ҳамда Ўзбекистон делегациясига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

-70 кг вазн тоифасида қатнашган Равзахон Адашева илк босқичдаёқ хитойлик Дан Юга ютқазиб, иштирокини тўхтатди (унинг рақиби якунда олтин медалга эга чиқди), шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик курашчи Маликахон Қаҳҳорова яримфиналгача етиб келди. У дастлаб Корея вакили Сунаҳ Лини, кейин Саудия Арабистони вакили Вайдан Убайдуллоҳдан устун келди. Аммо финал остонасида эронлик Дунё Оғаийга ютқазди ва бронза билан кифояланадиган бўлди.

Курашчилар 30 сентябр кунги баҳсларда 3 та олтин ва 1 та кумуш медал қўлга киритганди ва айни вақтда курашчилар 6 та медал билан Ўзбекистон делегациясидаги энг сермаҳсул жамоалардан бирига айланишди. Энг яхши натижа дзюдочилар томонидан қайд этилган - 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, шунингдек, эшкакчиларда 2 та олтин, 4 та кумуш, 1 та бронза, таэквондода 1 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза олинган.

Бокс

Ўзбекистон бокс жамоасида йўқотишлар давом этмоқда. -57 кг вазн тоифаси вакили Ситора Турдибекова чоракфиналда ҳиндистонлик Парвинга ютқазиб қўйди (0:5). У нимчорак финалда покистонлик Фотима Заҳрони мағлуб этганди, аммо турнирни медалсиз якунлайдиган бўлди.

-80 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Тўрабек Ҳабибуллаев эса яримфинал масаласини ҳал қилди. У саралашда непаллик Дипак Шрештрани енгган (5:0), нимчорак финалда саудиялик Муҳаммад Алсубҳини биринчи раунддаёқ нокаутга учратганди. Чоракфиналда иорданиялик кучли спортчи, амалдаги Осиё чемпиони Ҳусайн Яшашни турнирдан чиқариб юборди. Унинг финал учун жанги 4 октябр куни бўлиб ўтади.

-60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Райҳона Қодирова ҳам турнирдаги иштирокини якунлади. У нимчорак финалда қатарлик Дана Ал-Жабрни техник нокаут билан мағлуб этганди, аммо чоракфиналда Тайбэй вакили Ву Шиҳйига ютқазиб қўйди - 2:3. 

Футбол

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси ортидан эркаклар жамоаси ҳам яримфиналга чиқди. Саудия Арабистонига қарши кечган чоракфинал баҳсида Миразамат Мирсаидов ва Алишер Одиловнинг голлари ғалабани таъминлади - 2:1.

Бу Ўзбекистон олимпия жамоаси 29 йиллик танаффусдан кейин илк бор Осиё ўйинлари яримфиналига чиқиши бўлди. 1994 йили Хиросимада ўтган турнирда Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов мураббийлигидаги жамоа Осиё Ўйинлари ғолибига айланганди. Шундан кейин олимпиячилар турнирда олти бор муваффақиятсизликка учраганди, еттинчи уринишда яримфинал забт этилди.

Энди Тимур Кападзе шогирдлари 4 октябр куни Жанубий Кореяга (кореяликлар чоракфиналда Хитойни 2:0 ҳисобида мағлуб этди) қарши яримфинал баҳсида майдонга тушади. Яримфиналнинг иккинчи жуфтлиги Ўзбекистоннинг гуруҳдоши Ҳонгконг (бу жамоа сенсацион равишда Эронни турнирдан чиқариб юборди - 1:0) ва Япония томонидан ҳосил қилинди (японлар чоракфиналда шимолий кореяликларни 2:1 ҳисобида мағлуб этишди). 

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш

Ўзбекистон жамоаси бугунги саралаш баҳсларини муваффақиятли бошлади. Дастлаб аёллар ўртасида 200 метрга каноеда эшкак эшиш дастурида қатнашган Шоҳсанам Шерзодова ўз гуруҳида учинчи натижа билан финалга йўл олди.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Мадина Ашрафохонова 500 метр масофага кечган саралаш баҳсида тўртинчи ўринни олди ва яримфиналга чиқиш учун қўшимча гуруҳда қатнашди ва бу гуруҳдаги биринчи натижа орқали яримфиналга ўтди.

Сўнгги дастурда стартга чиққан байдаркачи йигитлар квартети ҳам финал масаласини ижобий ҳал қилишди. 500 метрга кечган саралашда Д.Онуфриев, У.Ибрагимов, С.Ҳайдаров ва О.Амрдиддиновдан иборат жамоа учинчи натижа қайд этди.

Сув полоси

Сув полоси бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси гуруҳдаги тўртинчи ўйинида ҳам ютқазди - Қозоғистонга қарши баҳс 8:16 ҳисобида якунланди. Бунгача Хитой (5:33), Таиланд (11:17) ва Японияга (7:37) ҳам имконият бой берилганди.

Шахмат

Шахмат бўйича жамоавий баҳсларнинг 3-турида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Виетнам вакилларини 3:1 ҳисобида мағлуб этишди. Ўзбекистонликлар 1-турда Қирғизистонни 3:1 ҳисобида енгган, 2-турда Ҳиндистон вакиллари билан 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Айни вақтда Ўзбекистон жамоасида 8 очко жамғарилган, жамоанинг асосий рақиби Ҳиндистонда 8,5 очко.

Аёллар жамоаси 3-турда виетнамликларга 1,5-2-5 ҳисобида ютқазди. Олдинги турларда Хитой ва Филиппинга қарши баҳсларда 2:2 ҳисоблари қайд этилганди.

4-турда эркаклар жамоаси Эрон, аёллар жамоаси Жанубий Корея вакилларига қарши дона суради.

Оғир атлетика

67 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган ўзбекистонлик оғир атлетикачи даст кўтаришда 137 кг, силтаб кўтаришда 179 кг оғирликдаги тошни кўтарди ва тўртинчи ўринни эгаллади. Эътиборли жиҳати, унинг натижаси учинчи ўринни эгаллаган жанубий кореялик Ли Сангеонникидан бир килограммга камроқ бўлди - кореялик атлет даст кўтаришда 137, силтаб кўтаришда 180 кг натижа қайд этди. Бу вазнда биринчи ўринни хитойлик Чен Лижун (150+180, рекорд), иккинчи ўринни КХДР вакили Ри Вонжу (141+180) эгаллади.

Енгил атлетика

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Екатерина Воронина Осиё ўйинларида иккинчи медалига сазовор бўлди. 

Ушбу спортчи кўпкураш бўйича мусобақаларни 100 метрга тўсиқлар оша югуриш йўналишида 14.48 сония натижа қайд этиб, ўз ҳисобига 912 очко ёзиб қўйиш билан бошлади (ўз гуруҳида иккинчи ўрин). Баландликка сакраш дастурида эса 1.82 метр натижа билан 1003 очкога эга бўлди ва бу борада энг юқори натижани қайд этди. Воронина ҳар икки дастурда мавсумдаги энг яхши натижасини кўрсатди.

Кейин эса ядро улоқтиришда 12.98 метр (726 очко) натижа кўрсатиб, учинчи бўлди. 200 метр масофага югуришда 25.45 сония билан (846) ўз гуруҳида иккинчи бўлиб келди.

Узунликка сакрашда 5.95 метр (834 очко), найза улоқтиришда эса 49.76 метр (855) натижа қайд этиб, тонгги дастурдан кейин иккинчи ўринда жойлашганди ва якунда ҳам бу ўринни бой бермади.

Кечки дастурда 800 метрга югуриш баҳслари билан ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди. Ўзбекистонлик енгил атлетикачи бу масофага 2:15.91 дақиқада етиб келди ва 880 очко ишлади, якунда 6056 очко билан кумуш медал соҳибига айланди. Биринчи ўринни хитойлик Женг Нинали (6149), учинчи ўринни ҳиндистонлик Нандини Агасара эгаллади.

Маълумот учун, Воронина Инчеон-2014 Осиё ўйинларида олтин медалга сазовор бўлганди.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси 11 олтин, 12 кумуш ва 17 бронза билан умумий рейтингда 5-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид