Ўзбекистон | 18:25 / 04.10.2023
54396
5 дақиқада ўқилади

Чирчиқда янги қурилган 9 қаватли “дом” чўкиб, қийшайиб қолди

Фойдаланишга топширилганига 1 йил ҳам бўлмаган мазкур кўп қаватли уй “Янги замон бино” МЧЖ томонидан қурилган. Бу қурилиш фирмасининг 50 фоиз улуши “Ўзбекистон темирйўллари”АЖга тегишли. Яна бир таъсисчисининг келиб чиқиши “Golden House Development”га тақалади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хулосасига кўра, бино пойдеворига кўп миқдорда ёмғир сувлари сизиб кирган.

Kun.uz’га Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унда фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмаган “дом”нинг бир томони чўкиб бораётгани айтилади.

Таҳририятга тақдим этилган видеолавҳаларда ҳам ёнма-ён қурилган уйлардан бири “ёнбошлаб”, юқори қисми иккинчисига тегай деб қолганини кўриш мумкин.

Мазкур кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирини субсидия асосида харид қилганман. Уй 2022 йил декабр ойида фойдаланишга топширилган. Март ойидан бошлаб уй силжишни бошлаганди. Ҳозирги кунда бу силжиш сезиларли даражада келиб, “дом” қийшайиб қолди. Юқори қаватда яшовчи хонадонларнинг таъмири кўчиб, яроқсиз ҳолатга келишни бошлаган”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.

Чўккани айтилаётган ушбу кўп қаватли уй “Янги замон бино” МЧЖ томонидан қурилган.

Корхона ва ташкилотлар очиқ реестрига кўра, 2016 йил 14 ноябрда ташкил этилган, устав фонди 566 млрд сўм бўлган “Янги замон бино” МЧЖга 50 фоизлик улушдан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳамда “Unique Trade Business” МЧЖ эгалик қилади. “Unique Trade Business” МЧЖнинг 99 фоиз улуши эса “Golden House Development” МЧЖга тегишли.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолат бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди.

“Геологик изланишлар хулосасига кўра, ушбу бинода “Чўкувчан ва ўта чўкувчан грунтли ҳудудларда қуриладиган бино ва иншоотлар” тўғрисидаги шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг 9-банди талабларига мувофиқ қурилиш ишлари бажарилган. Бироқ 2022 йил баҳор-куз мавсумидаги ёғингарчиликлар туфайли кўп миқдордаги ёмғир сувлари ирригация тизимларисиз мунтазам равишда бино пойдеворига сизиб кирган ва бино атрофига йиғилиб қолган. Натижада бино остининг асос қисми сувга тўйиниб, бинонинг вертикал сейсмик чоклари лойиҳавий ҳолатидан кўчган.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича “Қишлоққурилишлойиҳа” институти томонидан 2023 йил 14 февралда “Янги замон бино” МЧЖ бош директорига бино остига сув кетишининг олдини олиш бўйича ёзма кўрсатма берилган ва геодезия ҳамда муҳандислик изланишлари олиб борилган. Уйлар пойдевори асосининг чўкиши ва унинг намланишини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бажариш учун топширилган бўлса-да, пудратчи томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Мазкур уйлар динамикасининг салбий томонга ўзгаргани сабабли қурувчи ташкилот юзага келган масалаларни бартараф қилиш бўйича лойиҳа ечимлари ва чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни сўраб, “Қишлоққурилишлойиҳа” ташкилотига мурожаат қилган ва институт томонидан тегишли лойиҳавий ечимлар ишлаб чиқилган.

Тақдим этилган лойиҳавий ечимларга асосан пудратчи томонидан зудлик билан қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак:

ШНҚ 2.02.01-98 нинг “Бино ва иншоотлар асослари” меъёрининг 2.68, 2.69 ва 3.13 бандлари талабларига асосан ҳар 300 мм.да қатлам-қатлам грунтнинг мустаҳкамлиги 1.65т/м3 га етгунга қадар шиббалаб қайта кўмиш ишларини бажариш, ШНҚ 2.01.09-97нинг “Чўкувчан ва ўта чўкувчан грунтли ҳудудларда қуриладиган бино ва иншоотлар” 9-банди талабларига мувофиқ бино периметри бўйлаб эни 2 000 мм ва таркибида нометалл арматураси бўлган, қалинлиги 100 мм бетон йўлак (отмостка) ишларини бажариш талаб этилади.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳудудда бажарилган ободонлаштириш ва ирригация тизимларига оид ишларни ҳудуд бош режасига асосан қайта кўриб чиқиши ва ёғингарчилик бошланишидан олдин бажариши лозим”, дейилади вазирлик хулосасида.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги
Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги
Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Қўшимча қилинишича, мазкур бинолар қурилишига масъуллар ҳамда соҳа экспертлари иштирокида ўтган йиғилишда мавжуд ҳолатни бартараф этиш юзасидан қўшимча таклифлар билдирилган. Улар орасида энг мақбуллари сараланиб, 10 кун муддатда амалий чораларни кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид