Покистон афғон қочқинларидан 1 ноябргача мамлакатни тарк этишни талаб қилди
1,7 миллион киши мамлакатни тарк этиши керак.
Покистон ҳукумати барча ноқонуний афғон қочқинларидан (тахминан 1,7 миллион киши) 1 ноябрга қадар мамлакатни тарк этишни талаб қилди.
Аввалроқ, икки давлат чегарасида қуролли тўқнашувлар юз берган, Исломобод бу воқеаларда Афғонистонда жойлашган жангариларни айблаган эди. Энди Покистон «ноқонуний» муҳожирлар билан «шуғулланиш» ниятида эканини маълум қилди.
«Толибон» назоратидаги Афғонистон ҳукумати Покистоннинг бу ҳаракатини номақбул деб атади ва уни қайта кўриб чиқишга чақирди. Афғонистон ҳукумати Покистонга ҳужум қилган жангариларга бошпана берганини бир неча бор рад этиб келмоқда.
Ўтган ҳафта Афғонистон билан чегарадош Мастунг шаҳридаги масжидда диний байрам пайтида юз берган портлаш оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган эди. Покистон ички ишлар вазири Сарафроз Бугтий эса «ноқонуний» афғонларнинг чиқариб юборилишини эълон қилар экан, Балужистон вилоятидаги ушбу ёки бошқа терактларни тилга олмади.
Покистон ўнлаб йиллар давом этган уруш, айниқса 2021 йилда Афғонистонда «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан кейин миллионлаб афғон қочқинларини қабул қилди.
БМТ маълумотларига кўра, Покистонда 1,3 миллионга яқин афғон қочқин сифатида рўйхатга олинган, яна 880 минг нафари эса мамлакатда қолишга рухсат берувчи ҳуқуқий мақомга эга.
Аммо яна 1,7 миллион киши мамлакатда «ноқонуний» яшамоқда, деди Бугтий, бу билан қочқин мақомини олмаганларни назарда тутган ҳолда. Унинг сўзларига кўра, бу одамлар ой охиригача мамлакатни тарк этиши керак - ё ихтиёрий равишда ёки мажбурий депортация орқали.
Бугтий, шунингдек, мамлакатдаги «ноқонуний» афғонларнинг шахсий бизнеси ёки мулкларини аниқлаш ва мусодара қилиш билан шуғулланувчи махсус гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди.
Ўз навбатида, «Толибон» маъмуриятининг Кобулдаги вакили Забиҳулло Мужоҳид афғон қочқинларининг Покистон хавфсизлик муаммоларига алоқаси йўқлигини айтди.
«Улар Покистонни ихтиёрий равишда тарк этмагунча, бу давлат уларга чидаши керак», деб ёзди Мужоҳид ижтимоий тармоқда.
Покистондаги афғон расмийларининг айтишича, маҳаллий ҳукумат аллақачон ҳуқуқий мақомга эга бўлган ва эга бўлмаган афғонларни ушлашни бошлаган. Элчихона баёнотида сўнгги икки ҳафта ичида мингдан ортиқ афғон ҳибсга олингани айтилади.
Бугтий сўзларига кўра, январ ойидан бери Покистон чегарасида 24 та худкушлик ҳужуми содир бўлган, уларнинг ярмидан кўпида афғон жангарилари иштирок этган.
У 1 ноябрдан бошлаб, афғонларнинг Покистонга киришига чекловлар кучайтирилишини эълон қилиб, фақат виза ва паспортга эга бўлганлар киритилишини айтди.
Мавзуга оид
18:21 / 04.11.2024
Покистонда ҳаво ифлосланиши меъёрдан 60 баравар ошгани сабабли мактаблар ёпилди
17:42 / 04.11.2024
Хавфсизлик чегарасидан 80 баробар юқори: Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бири
22:45 / 02.11.2024
Қўштепа канали бўйича афғон-ўзбек музокараларнинг учинчи босқичи Тошкентда ўтказилади
15:10 / 02.11.2024