Жаҳон | 10:10 / 05.10.2023
8380
3 дақиқада ўқилади

Европадаги қатор давлатлар вақтинча чегара назоратини жорий қилмоқда

Европа Иттифоқининг Марказий Европадаги бир қанча давлатлари ўз чегараларининг айрим участкаларида вақтинча назорат жорий қилмоқда. Бу муҳожирларни чегарадан ноқонуний олиб ўтаётган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида қилинмоқда. 

Фото: Shutterstock

Чегаралардан ноқонуний равишда муҳожирларни олиб ўтаётган жиноий гуруҳларга қарши курашда бир қатор Марказий Европа давлатлари вақтинча чегара назорати чораларини қўллашга мажбур. Словакия ҳукумати 4 октябр, чоршанба куни Венгрия билан жанубий чегарага полициячиларни жўнатиш қарорини эълон қилди

Братиславадаги TASR агентлиги маълумотларига кўра, Словакия-Венгрия чегарасида назорат 5 октябрдан бошлаб қўллана бошлайди ва дастлаб ўн кун давом этади. Текширувлар 650 кмдан ортиқроққа чўзилган бутун чегара бўйлаб «мослашувчан» тартибда амалга оширилади. Мақсад – «Болқон йўли» бўйлаб Европага келаётган ва Словакиядан транзит мамлакат сифатида фойдаланиб Ғарбий Европага етиб боришни хоҳловчи ноқонуний муҳожирлар сонини камайтириш. 

Словакияда йил бошидан сентябр ойи охиригача, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 39 688 нафар ноқонуний мигрант қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўн бир баробар кўпдир. 

Германия ҳам чегара назорати чораларини жорий қилди 

Аввалроқ қўшни давлатлар – Чехия, Полша ва Австрия Словакия билан чегарада назоратни кучайтира бошлаган эди. Чехия полицияси 17 та автомобил, 7 та темирйўл ва 3 та сув ўтиш жойларида, шунингдек, Словакия билан 250 километрлик яшил чегарада текширувлар ўтказмоқда. 

Полша чегарачилари Словакия билан чегарадаги саккизта автомобил ва учта темирйўл назорат пунктида назоратни кучайтира бошлади. 

Бир ҳафта олдин Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер Полша ва Чехия билан чегарада ноқонуний муҳожирлар йўллари бўйлаб «қўшимча мослашувчан назорат чоралари жорий этиш»ни буюрган эди. Бу йил Германияда бошпана изловчилар сони сезиларли даражада ошди. 2023 йилнинг январидан августигача бу ерга 220 мингдан ортиқ киши биринчи марта бошпана сўраб мурожаат қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 77 фоизга кўп, дея эслатади dpa агентлиги. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид