Туркия армияси Сурия шимолидаги КИП объектларига ҳужум қилди
Туркия Анқарадаги терактга жавобан Сурия шимоли ва Ироқда Курдистон ишчилар партиясига қарши ҳарбий операция ўтказмоқда.
Туркия армияси Сурия шимолида Курдистон ишчилар партиясига (КИП) қарши ҳаво операциясини ўтказди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги 8 октябр, якшанба куни хабар берди.
Идора хабарига кўра, ҳарбий амалиёт «КИП объектлари, жумладан, нефт қазиб олиш билан боғлиқ нишонларга қарши» қаратилган. Рейдда жами олтита объект, жумладан, бункер ва бошпана вайрон қилинган. Мудофаа вазирлиги аниқ рақамларни келтирмасдан, турк кучлари «кўплаб террорчиларни» йўқ қилганини қўшимча қилиб ўтди.
Шу билан бирга, Туркия расмийлари Анқарадаги Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида портлашдан сўнг мамлакат ичида бошланган аксилтеррор операцияси доирасида 2554 киши қўлга олинганини маълум қилди. «Биз қочоқ жиноятчиларнинг кўчаларимизни кезиб юришига йўл қўймаймиз. Биз уларни қўлга олиб, жавобгарликка тортишга қатъий қарор қилдик», - деди Туркия ички ишлар вазири Али Эрликая.
Туркия Анқарадаги терактга жавобан КИП позицияларига зарба беряпти
Туркия ўтган ҳафта давомида Сурия ва Ироқдаги КИП объектларига зарба беришда давом этди. Ҳарбий ҳаракатлар Анқарадаги портлашдан кейин бошланди. Ҳужум учун жавобгарликни КИП ўз зиммасига олди. Туркия ҳукумати Сурияга қуруқликдаги қўшинларни киритиш масаласини кўриб чиқмоқда, чунки ҳужум қилганлардан икки нафари у ердан келган.
Октябр ойи бошида Анқара Ироқ шимолида КИП томонидан фойдаланилган ғорлар, бункерлар, бошпана ва омборлардан иборат 20 та объект вайрон қилингани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, мамлакат Мудофаа вазирлиги аниқ рақамларни келтирмасдан, «кўп сонли террорчилар» ўлдирилгани ҳақида маълум қилди.
Мавзуга оид
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
09:50 / 04.11.2024
Туркия ТИВ раҳбари: Украина яхлитлиги тинчликнинг шартидир
10:30 / 02.11.2024
Лавров Туркияни Украинага қурол етказиб бергани учун танқид қилди
22:06 / 01.11.2024