Ўзбекистон | 10:27 / 10.10.2023
3983
2 дақиқада ўқилади

Масофадан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар доираси кенгаяди

2024 йилдан нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни видео-конференц-алоқа орқали расмийлаштириш йўлга қўйиш, масофадан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар доирасини кенгайтириш мақсад қилинган.

Фото: notariat.ru

Бугун, 10 октябр куни Самарқандда Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши конференция шаклида бошланди. 

Икки кун давомида 33 та давлатдан ташриф буюрган 150 нафарга яқин соҳа вакиллари, экспертлар иштирокида “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда нотариуснинг ўрни” ҳамда “Рақамлаштириш асрида нотариатнинг ўрни” мавзулар муҳокама қилинади.

Конференцияда Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов сўзга чиқди.

Таъкидлангандек, Ўзбекистонда 2020 йилдан хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ хусусий нотариуслар фаолият юритмоқда. 

Фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида кўчмас мулк ижара ва текин фойдаланиш шартномаларини, мулкдорнинг яқин қариндошларига бериладиган автотранспорт воситасини бошқариш учун ишончномаларни, бирламчи бозордаги гаров ва ипотека шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди. Битимларни тасдиқлашда экстерриториаллик принципи жорий этилди.

“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳуқуқий мақом берилди ва барча нотариал ҳаракатлар ушбу тизимда рўйхатга олинмоқда. Фуқаролардан талаб этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳажми 87 фоизга қисқартирилди. E-notarius.uz расмий веб-сайти ишга туширилди. Айрим нотариал ҳаракатлар дунёнинг исталган жойидан видео-конференц-алоқа орқали онлайн равишда амалга оширилмоқда. 

Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаш “Лицензия” ахборот тизими орқали тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида хусусий нотариусларга лицензия бериш бўйича имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда. Айрим турдаги нотариал ҳаракатлар учун давлат божи ставкалари миқдорлари оптималлаштирилди, шаффофлаштирилди ҳамда камайтирилди.

2024 йилдан нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) видео-конференц-алоқа орқали расмийлаштириш йўлга қўйиш, масофадан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар доирасини кенгайтириш мақсад қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид