Швецияда Қуръонни ёқиб юборган шахс биринчи марта судланди
27 ёшли эркак шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фото: JOHAN NILSSON
Швецияда Қуръонни ёқиб юборган шахс мамлакат суди томонидан илк бор миллатлараро адоват қўзғашда айбдор деб топилди ва шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қуръоннинг ёқиб юборилиши биринчи марта суд ҳукмига олиб келди, деб ёзди BBC.
Илгари Швеция прокуратураси бундай шахсларга қарши айблов қўймаган ва бу ҳаракат сўз ва фикр эркинлиги ҳақидаги қонунчиликка асосан эканини айтиб келаётган эди.
Линчёпинг шаҳри суди 27 ёшли йигитни «этник гуруҳга қарши ташвиқот»да айбдор деб топиб, унинг ҳаракатлари «дин сифатида исломни эмас, балки мусулмонларни нишонга олгани»ни қайд қилди.
Айбланувчи 2020 йилда Қуръонни ёқиб юбориб, жараён видеолавҳасини ижтимоий тармоқларга жойлаган эди. Видеолавҳа «Кабобни йўқотинг» («Remove Kebab») деган қўшиқ билан монтаж қилинди. Бу қўшиқ ўтган асрнинг 90-йилларидаги Болқон уруши пайтида пайдо бўлган ва мусулмонларни қириб ташлашга чақириқ сифатида қабул қилинган.
Айбланувчи ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмаганини ва ўзининг хатти-ҳаракати шунчаки Исломни дин сифатида танқид қилиш эканини айтди. Бироқ суд бу далилни қабул қилмади.
«Суд ушбу лавҳа учун танланган мусиқани мусулмонлар эътиқодига ишора билан таҳдид қилишдан бошқача талқин этиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди», дейилади ҳукмда. «Видеонинг мазмуни ва уни тарқатиш шакли шуни кўрсатадики, айбланувчининг асосий мақсади таҳдид ва нафратни ифодалашдан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас».
Бу Швецияда Қуръон ёқиб юборилган ягона ҳолат эмас. Энг резонансли эпизод январ ойида Туркия элчихонаси ёнида аксилисломий фикрлари билан танилган ўта ўнг сиёсатчи, Дания фуқароси Расмус Палудан томонидан содир этилган эди.
Швеция ҳукумати муқаддас китобларни таҳқирлашни қоралади, бироқ бу ҳаракатлар мамлакат қонунларига зид эмаслигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқда.
Мавзуга оид

23:16 / 05.06.2025
Швеция қамоқхоналарда жой етишмаётгани сабаб маҳбусларни Эстонияга юборади

15:13 / 02.06.2025
“Африканинг айрим мамлакатларидан ҳам орқадамиз” — сенатор одил судлов масаласида

18:37 / 29.05.2025
Фарғонада танишини қасддан босиб ўлдирган ҳайдовчига ҳукм ўқилди

14:53 / 29.05.2025