Жаҳон | 13:14 / 16.10.2023
7850
2 дақиқада ўқилади

БМТ бошқармаси: Ғазо касалхоналарида 24 соатга етадиган ёнилғи қолди

Ғазодаги барча касалхоналарда ёнилғи таъминоти тугаши минглаб беморларнинг ҳаётини хавф остига қўяди, дея маълум қилди БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси.

Фото: Anadolu Agency

Ғазо касалхоналаридаги ёнилғи захиралари яна 24 соатга етади. Бу ҳақда БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида баёнот берди.

Қайд этилишича, Ғазодаги барча шифохоналарда ёнилғи захираларининг тугаши минглаб беморларнинг ҳаётини хавф остига қўяди. 

БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси координатори Линн Гастингс ҳисоботда Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган «ғайриинсоний» вазиятнинг оғирлиги ва зарурий таъминотнинг тугаши ҳақида огоҳлантирди. 

Исроил-Фаластин можароси 

7 октябр куни эрталаб ҲАМАС ҳарбий қаноти Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар учирилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСга кўра, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига ҳужум ва исроилликларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 2600 дан ортиқ фаластинлик ва 1300 исроиллик ҳалок бўлди.

Шунингдек, Исроил Ғазо секторига сув ва электр таъминотини тўсиб қўйди ва бу 2007 йилдан бери блокадада бўлган минтақадаги турмуш шароитини янада ёмонлаштирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид