Фан-техника | 20:02 / 16.10.2023
39936
2 дақиқада ўқилади

Хитой дунёда биринчи бўлиб аэротаксида одам ташишга рухсат берди 

Ҳозирча, учувчисиз ҳаво таксиси 20 дақиқа давомида парвоз қила олади. 

Фото: Ed Jones | Afp | Getty Images

Хитой учувчисиз ҳаво таксиларидан фойдаланган ҳолда йўловчиларни тижорат мақсадида ташишга рухсат берган дунёдаги биринчи давлат бўлди. EH216-S учар автомобилини ишлаб чиққан EHang стартапи шундай рухсатнома олгани айтилмоқда. 

Ушбу қурилманинг прототипи 2017 йилда осмонга кўтарилган. Шундан бери компания 40 мингга яқин синов парвозини амалга оширди. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, синов пайтида бортдаги одамлар билан бирорта ҳам фавқулодда вазият юзага келмаган. 

EH216-S — икки кишилик капсулага эга электр октокоптер. Иккала ўриндиқ ҳам йўловчилар учун мўлжалланган, бортда учувчи бўлиши талаб қилинмайди. У вертикал равишда учади ва қўнади. Битта заряд атиги 20 дақиқалик парвоз учун етарли, шунинг учун қурилма ҳали узоқ масофаларга мўлжалланмаган. Аммо қисқа саёҳатлар 135 км/соат тезликда амалга оширилиши мумкин. 

Хитойда ҳаво таксиларини ишга туширишнинг аниқ вақти ҳали эълон қилинмаган. Ehang бош директори Ҳуажи Ҳу сўзларига кўра, компания бир йил ичида бошқа бозорларга чиқишни режалаштирмоқда. Кейин, тахминан беш йил ичида, учар таксилар дунёнинг барча йирик шаҳарларида оддий ҳолга айланиши мумкин, деб хулоса қилди у.

Мавзуга оид