Жаҳон | 20:59 / 17.10.2023
8023
2 дақиқада ўқилади

Полшада сайлов натижалари: ҳукмрон партия парламентдаги кўпчиликни йўқотди 

«Қонун ва адолат» партияси энди парламентдаги кўпчилик ўринларга эга бўлмайди. 

Фото: AFP

Полша сайлов комиссияси парламент сайлови учун берилган бюллетенларни санаб чиқиш жараёнини якунлади. 17 октябр куни барча сайлов участкаларида овоз бериш натижалари маълум бўлди, деб ёзди Gazeta Wyborcza. 

Қайд қилинишича, бош вазир ўринбосари Ярослав Качинский бошчилигидаги ҳукмрон «Қонун ва адолат» партияси етакчилик қилмоқда, сайловда қатнашганларнинг 35,38 фоизи унга овоз берган. Иккинчи ўринни 30,7 фоиз овоз билан собиқ бош вазир Доналд Туск бошчилигидаги «Фуқаролик платформаси» эгаллаб турибди. 

«Учинчи йўл» ва «Янги сўллар» мухолифат партиялари мос равишда 14,4 ва 8,61 фоиз овоз олган. Ўта ўнгчи «Конфедерация» 7,16 фоиз овоз тўплаган. 

Сайлов фаол ўтгани ва рўйхатга олинганларнинг 74,38 фоизи иштирок этгани айтилмоқда. 

Сайлов якунларига кўра, «Қонун ва адолат» партияси энди парламентдаги кўпчилик ўринларга эга бўлмайди. «Фуқаролик платформаси» парламентга кирган бошқа мухолиф партиялар билан коалиция ташкил қилиб, ҳукумат тузиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид