Ўзбекистон | 11:41 / 21.10.2023
15843
3 дақиқада ўқилади

«Мустақил ўргандим» — ўзбек тилида бурро гапираётган кореялик 60 ёшли жаноб Сон

Сон Ҳее Чае Жанубий Кореядан Ўзбекистонга бир неча йил аввал келган. У Фарғонадаги текстил корхонасида ишлайди. 60 ёшли корейс ўзбек тилини қунт билан ўрганди ва ҳозир ҳам ўрганишда давом этяпти. Ўзбек миллий таомларини севиб истеъмол қилади. Бўш вақтида бозор айланади. «Ўзбек қовунини яхши кўраман ва тез-тез сотиб оламан», – дейди кореялик меҳмон.

«Кореядан Ўзбекистонга 2015 йилда келганман. Ҳозир Фарғонадаги POSCO International Textile корхонасида ишлайман. Оилам Кореяда. Орада бир неча марта меҳнат таътили олиб оилам билан дийдорлашиб келдим.

Ўзбекистонга янги келганимда ноқулайликлар кўп бўлди. Лекин вақт ўтиб барчасига кўникдим. Бошида бошқа муҳит, бошқа одамлар сабаб қўрқув бўлган албатта. Аммо бугунги кунга келиб ўзбекистонликлар мени ҳурмат қилади, керак бўлса ёрдам ҳам беради.

Ўзбекистоннинг мевалари, айниқса, қовуни мазали. Кореяда ҳам ҳар хил туридан бор, лекин ўзбек қовуничалик ширин эмас. Ўзбек овқатларидан биринчи навбатда ошни яхши кўраман. Кейин кабоб, сомсаларни севиб истеъмол қиламан.

Ўзбек тилини мустақил равишда ўзим шуғулланиб ўргандим. Ишхонадаги ҳамкасбларимдан ҳам сўрайман билмаган нарсаларимни. Аввал ўзим ишлатиб кўрмаган ёки эшитмаган сўзларга дуч келсам, дарров ходимларимни чақириб сўзнинг маъноси нима эканини сўраб билиб оламан.

Таксидами, бозордами ўзбекча гапирсам, одамлар ҳайратланиб, қаерликсиз, хитойликмисиз, деб сўрашади. Кореяликман десам ўзбекча гапиришимни кўриб одамлар хурсанд бўлишади. Инглиз ва япон тилларини ҳам биламан, рус тилини ҳам ўрганяпман.

Одатда корейс таомларини ейман, лекин ҳафтада 2-3 марта ўзбек овқатлари – ош, кабоб, сомса тановул қиламан. Кореяда бир ўғлим, бир қизим бор. Ўғлим архитектор.

Рафиқам билан ҳар куни видеоқўнғироқ орқали гаплашамиз, фарзандларим билан ҳам қўнғироқлашамиз, хабарлар ёзишамиз. Ўзбекистонда яна 4-5 йил бўлсам керак…»

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Асрор Алмуродов

Мавзуга оид