Жамият | 08:21 / 11.03.2026
8973
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ноқонуний равишда олиб чиқилиши режалаштирилган олтин мусодара қилинди

Фарғона вилоятида 2 миллиард сўмдан ортиқ қийматга эга бўлган олтин қуймаларини мамлакат ҳудудидан ноқонуний равишда олиб чиқишга уриниш фош этилди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида товар-моддий бойликларнинг мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Фарғона туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситаси Қирғизистонга чиқиш мақсадида “Водил-авто” чегара божхона постига кириб келган вақтида текширувдан ўтказилди.

Текширув жараёнида автомашина кузов қисмининг ичига яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймалар аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу олтин қуймаларнинг соф оғирлиги 1 килограмм 232 граммни ташкил этиб, уларнинг умумий қиймати 2 миллиард 182 миллион 466 минг сўмга тенг экани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фуқаролардан бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришни сўрайди. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид