Жаҳон | 13:34 / 24.10.2023
5986
3 дақиқада ўқилади

Россияда армия ҳақидаги «фейклар» бўйича ҳукмлар сони кўпайди

Россия Олий судининг Суд департаменти статистик маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида Россия қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар» учун 2022 йилга нисбатан кўпроқ ҳукм чиқарилган.

Фото: Олег Харсеев / Коммерсантъ

2023 йилнинг биринчи ярмида Россияда РФ қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар» учун ўтган йилга нисбатан кўпроқ ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда 23 октябр, душанба куни «Коммерсант» газетаси Олий суд ҳузуридаги Суд департаменти статистик маълумотларига таяниб ёзди

Шу тариқа, жорий йилнинг биринчи олти ойида Россия судлари армия ҳақидаги «фейклар» моддаси бўйича 21 кишига ҳукм чиқарди. Саккиз киши ҳақиқий қамоқ жазосига, яна уч киши шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва ўн киши жаримага тортилди. Таққослаш учун: бутун 2022 йил давомида Россияда 14 киши Россия қуролли кучлари ҳаракатлари ҳақида «қасддан ёлғон маълумот тарқатганлик» учун судланган. Улардан иккисига ҳақиқий қамоқ жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, армияни «обрўсизлантириш» бўйича маъмурий ишлар сони 2022 йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баравар камайди, дея қайд этди журналистлар. 2022 йилнинг биринчи ярмида Россия судлари 2953 та тегишли баённомани, 2023 йилнинг шу даврида эса 1690 та протоколни кўриб чиқди.

Россия армиясини «обрўсизлантириш» учун ҳақиқий жазо муддатлари

Шу билан бирга, армияни «обрўсизлантириш» ҳолатларида Россия судлари 2023 йилда қамоқ жазоларини ўз ичига олган ҳукмларни чиқара бошлади. Шу тариқа, 2023 йилнинг олти ойида Россияда ушбу модда бўйича 15 киши судланган, улардан икки нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган. «Ўтган йили обрўсизлантириш учун ҳеч ким қамоққа олинмаган: бутун 2022 йилда бунинг учун бор-йўғи уч киши судланган, аммо энг оғир жазо жарима эди», — дея таъкидлайди «Коммерсант» нашри.

Армияни «обрўсизлантириш» ва РФ қуролли кучлари ҳақида «фейклар» бўйича моддалар

Россия армиясини «обрўсизлантириш» учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик, шунингдек, Россияда ҳарбий хизматчилар ҳақидаги «фейклар» учун жиноий жавобгарлик 2022 йил март ойида жорий этилган. Бир йил ўтгач, 2023 йил март ойида тегишли қонунлар ёлланма аскарлар ва «кўнгиллилар»га нисбатан худди шундай «қонунбузилишлар»ни қамраб олиш учун кенгайтирилди.

19 октябр куни Россия Давлат думаси Украинага қарши урушда қатнашган россиялик гвардиячиларга нисбатан «фейклар» учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид