Ўзбекистон | 14:32 / 25.10.2023
17762
3 дақиқада ўқилади

«Кун ўтса бўлди, қабилида иш тутадиган раҳбарлар энг катта душман» — президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Қарши шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари дунёдаги вазият ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани, бундай шароитда бефарқ бўлиб, «кун ўтса бўлди» қабилида иш тутадиган раҳбарлар энг катта душман эканини қайд этди.

«Мамлакатимиз, халқимиз тинчлиги, фаровонлиги ва келажаги учун янги корхоналар, иш ўринлари, янги бозорлар, инвестиция, катта-катта тушумлар керак», деди президент.

Ҳоким ва вазирлар асосий ҳамкор давлатлар бозоридаги тебранишлар, савдо чекловлари давом этаверса, маҳсулотларни қаерга ва қандай сотиш керак, қайси корхонага қандай кўмак бериш зарур, деган масалалар устида бош қотириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда вилоятда ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва имкониятлар ечимлари билан кўриб чиқилди.

Келгуси йилда вилоятга 1 миллиард доллар тўғридан тўғри инвестиция жалб қилиш заминини ҳозирдан яратиш лозимлиги қайд этилди.

Жумладан, Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманларидаги саноат зоналарида бўш турган 100 гектар ерларга тадбиркорлар 300 миллион доллар инвестиция киритиб, 3,5 мингта иш ўрни яратиш ташаббуси билан чиққан.

Шу каби, Қарши шаҳри ва Китобда ишлатилмаётган пахта терминалларида саноат технопаркини ташкил қилиб, камида 5 мингта доимий иш ўрни яратиш имконияти бор.

Гўшт, сут, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳасида 50 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.

Қозон шаҳрида имзоланган 337 миллион долларлик 21 та лойиҳа ва Ўзбекистон-Хитой бизнес форумида келишилган 352 миллион долларлик 20 та лойиҳани якунига етказиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари Қашқадарё иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклигини кўрсатиб ўтди.

Масалан, вилоятда истеъмол товари ишлаб чиқаришда ўсиш суръатлари республика кўрсаткичидан 3 баробар кам. Айниқса, кичик бизнеснинг саноатдаги улуши энг охирги ўринларда.

Ваҳоланки, Қамашида цемент, гипс ва мармар, Шаҳрисабзда графит, Яккабоғда кварц қуми, Чироқчида марганец, Китобда доломит ва чинни конларини ўзлаштириб, ишлаб чиқаришни каррасига ошириш мумкин.

Бундан ташқари, Қашқадарёда йилига 150 минг тонна полиэтилен грануласи ишлаб чиқарилса-да, унинг атиги 4 фоизи вилоятнинг ўзида қайта ишланади. «Шўртангаз кимё мажмуаси» атрофидаги 200 гектар бўш ерда 100 турдаги импорт маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйса бўлади. 

Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, йирик саноат корхоналари билан кооперация асосида 10 мингта иш ўрни яратиш топширилди.

Умуман, Қашқадарёда саноат ҳажмини келгуси йилда 40 триллион сўмга, экспортни 500 миллион долларга етказиш белгилаб олинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид