Жаҳон | 11:20 / 27.10.2023
10789
5 дақиқада ўқилади

Явлинский Кремлда Путин билан учрашди

«Яблоко» матбуот хизмати Явлинский Путин билан президентлик сайловларида иштирок этишини муҳокама қилганини рад этди.

Фото: Alexander Kochubei

«Яблоко» партияси асосчиси Григорий Явлинский 26 октябр, пайшанбага ўтар кечаси Кремлга ташриф буюриб, у ерда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Россиялик сиёсатчини 25 октябр куни кечқурун Кремлда «Коммерсант» журналисти Андрей Колесников пайқаб қолган – унинг сўзларига кўра, Явлинский «ҳеч ким билан гаплашмай, тезда ичкарига кириб кетган». Кейинчалик Явлинскийнинг Путин билан учрашуви ҳақидаги маълумотни «Яблоко» партияси матбуот хизмати тасдиқлади

«Яблоко» матбуот-релизига кўра, Григорий Явлинский Россиянинг Украинага қарши урушида «ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув зарурлигини», шунингдек, ушбу масала бўйича музокараларда иштирок этиши мумкинлигини муҳокама қилиш учун Путин билан тунда учрашишга рози бўлган. Бундан ташқари, Явлинский президент билан «жаҳон иқтисодий тизими парчаланиши шароитида Россия иқтисодиётининг истиқболли муаммоларини» муҳокама қилган. 

Учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтди: бу ҳақда Россия президенти сайтида хабар берилмаган, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам унга таклиф қилинмаган.

Бир кун аввал Россия Коммунистик партияси раҳбари Геннадий Зюганов Путин билан музокаралар олиб боргани маълум қилинганди. Унинг сўзларига кўра, у президент билан «Россия келажаги қиёфаси»ни муҳокама қилган. Шу билан бирга, Зюганов бу сайлов кампаниясига тегишли эканини тасдиқламади.

ОАВ: Кремл Явлинскийнинг сайловларда иштирок этишини хоҳлаяпти

«Яблоко» матбуот хизмати ОАВга берган баёнотида Явлинский ва Путин Россияда бўлажак президентлик сайловларини муҳокама қилмаганини алоҳида таъкидлади. Унинг пресс-релизида яна бир бор таъкидланишича, «Яблоко» асосчиси, агар «фуқароларнинг ўзи унинг номзодини кўрсатиш учун камида 10 миллион имзо тўпласа» сайловларда иштирок этишга тайёр.

Бир қатор оммавий ахборот воситалари 2023 йил август ойи охиридан бери Явлинский яна бир бор сайловда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида Россия президенти маъмуриятидаги манбаларга таянган ҳолда қайта-қайта хабар берди. Шу тариқа, «Медуза» нашри Явлинский билан бир қаторда Россия Коммунистик партияси етакчиси Геннадий Зюганов ва ЛДПР вакили Леонид Слуцкийни Путиннинг навбатдаги президентлик сайловлари учун «спарринг шериклари» сифатида танлаш режалаштирилаётганини ёзди.

Кейинчалик оммавий ахборот воситаларида Явлинский сайловчиларга «демократик номзодлар»дан бири сифатида кўрсатилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Явлинскийнинг мухолифчилиги, жумладан, Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақидаги расмий позицияси билан ифодаланади - сиёсатчи ва «Яблоко» партияси ҳарбий ҳаракатларни эҳтиёткорлик билан қоралайди, бунинг учун жавобгарликни бевосита Путинга юкламайди. 

Кекса рақиблар танланяпти

«Медуза» манбаларига кўра, Кремл томонидан сайловларда «мухолифлар» учун қўйилган асосий мезонлардан бири уларнинг ёши бўлиши лозим – улар камида 50 ёшда бўлиши керак.

Явлинский билан бир қаторда «Ўнг кучлар иттифоқи» партиясидан Давлат думаси собиқ депутати, 60 ёшли Борис Надеждин «либераллар» учун номзод сифатида танланган. «Яблоко» асосчисидан фарқли ўлароқ, Надеждин октябр ойи ўрталарида сайловларда иштирок этишни режалаштираётганини тасдиқлади. Бундан ташқари, 2023 йил бошида у Москва вилояти губернатори сайловида ўз номзодини илгари сурди, аммо рўйхатга олиш учун муниципал депутатлардан етарлича имзо тўплай олмади. 

Григорий Явлинский, ўз навбатида, 2018 йилги президентлик сайловларида атиги 1,05 фоиз овоз олган. Бундай «либерал мухолифат вакиллари»нинг паст рейтинглари давлат ОАВга жамоатчилик кайфиятини амалдаги курсни тўлиқ қўллаб-қувватлаш сифатида кўрсатишга ёрдам бериши кутилмоқда. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ президентлик сайловларининг «олдиндан тахмин қилинаётган» натижалари ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид