Жаҳон | 12:30 / 28.10.2023
10803
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда кўмир шахтасидаги портлаш туфайли 21 киши ҳалок бўлди

Қарағанда областидаги Костенко номидаги кўмир шахтасида тунда портлаш содир бўлганида шахта ичида 252 киши бўлган, уларнинг 208 нафари ер юзига чиқарилган.

Костенко номидаги шахта. Фото: Orda.kz

Қутқарилган 18 нафар шахтачига шошилинч тиббий тез ёрдам зарур бўлган. Уларнинг 17 нафари амбулатор даволанишга ётқизилган, бир нафарига уйига жавоб берилган.

Айни пайтга келиб, шахтада 23 нафар шахтачи қолмоқда. Улардан 21 нафарининг жасади топилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Авария рўй берган жойда қутқарувчилар ишлашмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, шахта ичида тўпланган метан гази портлаган бўлиши мумкин.

«Воқеа жойида қутқарувчилар ишлашмоқда. Штаб тузишган. Қарағанда области ҳокими, «АрселорМитталТемиртау» АЖ бош директори, Қозоғистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, Қарағанда области прокурори, махсус ҳуқуқ тартибот органлари Костенко номидаги шахтада жам бўлишган», — дейилади расмий хабарда.

Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам авария сабабларига аниқлик киритиш ва зарур чоралар кўриш воқеа жойига борган.

Тўқаев Костенко кўмир кони шахтасида ҳалок бўлган шахтачиларнинг оилалари ва қариндошлари билан учрашган. Президент авария сабаблари аниқланиши ва қолган шахтачиларни қутқариш, ҳалок бўлган ва яраланганларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатилишини таъкидлаган. 

Тўқаев 29-октябрни мамлакатда умумиллий мотам куни деб эълон қилган.

Аввалроқ президент Тўқаев ҳалоқ бўлган шахтачиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган эди. Президент воқеада жабрланганларга тезроқ соғайишни ҳам тилаган.

Қозоғистон нашрларининг ёзишича, президент Тўқаев шахтага эгалик қилувчи Лакшми Митталга қарашли «Арселор Миттал» билан ҳамкорликни тўхтатишни буюрган. Ҳукуматга «АрселорМитталТемиртау» коммпанияси билан инвестицион ҳамкорлик қилишни тўхтатиш вазифаси буюрилган. 

Мавзуга оид